Халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорлик сўнгги йилларда барча соҳаларда изчил ривожланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, «Хитой билан ҳамкорлик – мамлакатимиз тараққиёти ва минтақавий барқарорликни таъминлашда муҳим асос.» Ушбу жараёнда таълим ва илм-фан соҳасидаги муносабатлар ҳам янги босқичга кўтарилмоқда.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида институт ректорати билан Хитой Халқ Республикасининг нуфузли «Yinghua Academy» халқаро мактаби бош директори Лин Хианян ва ушбу ўқув юртининг инсон ресурслари, шунингдек, халқаро алмашинув ва ташқи ишлар бўйича мутахассиси Жою Ян ўртасида ўтказилган учрашув ушбу жараённинг жадаллашишида яна бир босқич бўлди.
Тадбирда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, таълим жараёнида илғор хорижий тажрибаларни ўзаро алмашиш ҳамда профессор-ўқитувчилар, талабалар учун халқаро дастурлар доирасида янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида томонлар ўқув дастурлари, академик алмашинув, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, хорижий тилларни ўқитиш методикасини такомиллаштириш каби йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш бўйича таклифларини билдирди.
«Yinghua Academy» вакиллари институтдаги таълим муҳити ва яратилган шароитларни юқори баҳолаб, келгусида ўзаро тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш ниятини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.