Талабаларга ижара тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби қандай?

99

Ҳуқуқий муносабат

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги 605-сон қарорига мувофиқ, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига ёки ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг ойлик ижара тўлови бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби белгиланган.

Талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби қандай? 

Тошкент давлат юридик университети Юридик клиника раҳбари Отабек Нарзиев бу борада қуйидагиларни маълум қилди: 

–Ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилиши учун талаба давлат ОТМнинг талабаси бўлиши, ётоқхона билан таъминланмаган бўлиши, ўзига ёки ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижарада туриши, Ўзбекистон фуқароси ёки республикада доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахс бўлиши, шу билан бирга, олий таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган бўлиши лозим.

Бунда рўйхатга олинган доимий яшаш туман ёки шаҳридан бошқа жойда яшаётган бўлиши муҳим.

Тўлов жараёнларига талабанинг давлат гранти ёки тўлов контракт асосида ўқиётганининг фарқи йўқ.

Ҳар ой учун Тошкент шаҳрида БҲМнинг бир баравари — 412 минг сўм, бошқа ҳудудларда БҲМнинг ярим баравари — 206 минг сўм берилади.

Бу тўлов 1-курсларга сентябрь ва октябрь ойлари учун ижара шартномасисиз, қолган ойларга эса ижара шартномаси асосида тўлаб берилади. Қолган курс талабаларига фақат ижара шартномаси асосида тўлаб берилади.

Шунингдек, бу тўловлар, комиссия хулосасига кўра, ижтимоий ёрдамга мухтож бўлган талабаларга, ўрнак кўрсатган ва фаол талабаларга биринчи навбатда тўлаб берилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА