ЮНЕСКО сессиясига тайёргарлик бўйича штаб йиғилиши

181

Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясига тайёргарлик кўриш бўйича ташкил этилган штабда айни пайтда амалга оширилаётган ишлар масъуллар иштирокида муҳокама қилинди.

Ҳукумат ташкилий қўмитаси аъзоси, бош штаб раҳбари А.Икромов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда халқаро анжуманга тайёргарлик борасида тегишли ишчи гуруҳлар томонидан шу пайтгача амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, сессия иштирокчилари ва меҳмонларнинг юртимизга келиб-кетиши учун махсус авиарейслар ташкил этиш, “Тошкент – Самарқанд” ва “Самарқанд – Тошкент” йўналишида қўшимча авиапарвоз ва поезд қатновларини йўлга қўйиш, меҳмонхоналарни тайёрлаш, асосий сессия ва тадбирлар ҳамда маданий дастурлар ўтказиладиган жойларни жиҳозлаш, меҳмонларга ҳамроҳлик қиладиган масъуллар ва гид-эксурсоводлар билан ишлаш, матбуот маркази ташкил этиш каби масалалар юзасидан масъулларнинг ахборотлари тингланди.

Сессия ва унинг доирасидаги тадбирларда иштирок этадиган нуфузли делегациялар, халқаро ташкилотлар раҳбарларини кутиб олиш ҳамда улар қатнашадиган тадбирлар дастурларини пухта ишлаш зарурлигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, йиғилишда Самарқанд вилоят ва шаҳар ҳокимликлари томонидан анжуманга тайёргарлик доирасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Штаб фаолиятини кучайтириш ва унга бириктирилиган вазирлик ва идоралар, ташкилотлар ходимлари масъулиятини ошириш зарурлиги таъкидлади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири