Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматларига илғор технологияларни қўллаш бўйича тажриба алмашилди

97

Мамлакатимиз пойтахтида “Марказий Осиёда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Бу ҳақида senat.uz ёзмоқда.

«Тадбирда вазирлик ва идоралари раҳбарлари, мутахассислар ҳамда илмий доира вакиллари қаторида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдикаримова ҳам иштирок этди.

Конференцияда сув таъминоти ва канализация тизимларининг барқарорлигини таъминлаш, уларнинг самарадорлигини ошириш, рақамли ечимларни ўрганиш ҳамда активларни бошқариш жараёнларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, сув таъминоти тизимларида босимни бошқариш технологияларини лойиҳалаш ва жорий этиш, шунингдек, ичимлик ва оқова сувларни тозалаш хизматларини кўрсатишда илғор технологиялардан фойдаланиш бўйича халқаро тажриба алмашиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, хизматлар кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш учун инвестицияларни стратегик ва мақсадли режалаштириш, соҳага ёш мутахассисларни жалб этиш ҳамда уларни рағбатлантириш масалалари муҳокама марказида бўлди. Сув тармоқларини мониторинг қилиш, маълумотларни таҳлил қилиш ва натижадорликни оширишда “ақлли технологиялар”дан фойдаланишнинг долзарблиги қайд этилди.

Мутахассисларнинг соҳада олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган маърузалари эшитилди, шунингдек, тизимни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар берилди», дейилади хабарда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги