Янги раҳбарлар – янги ёндашувлар: касаба уюшмаларида ўқув-семинар

98

Айни пайтда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашида жорий йилги ҳисобот-сайлов конференцияларида янги сайланган касаба уюшмаси қўмита раисларини касаба уюшмаси ишлари билан яқиндан таништириш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

Асосий мақсад – касаба уюшмалари ташкилотларида илк бор фаолият бошлаган касаба уюшмаси фаолларининг ишларига яқиндан кўмаклашиш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш, касаба уюшмалари қўмиталарига янги сайланган раисларни касаба уюшмаси ишлари билан яқиндан таништиришдан иборат.

Семинарда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Кенгаши таркибидаги 30 га яқин янги сайланган касаба уюшмаси бошланғич ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Ўқув-семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У.Жалменов сўзга чиқиб, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг тарихи ва бугунги кундаги ишлари, касаба уюшмаси ҳаётидаги янгиланишлар, ўзгаришлар ва режалар ҳақида иштирокчиларга кенг тушунча берди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши мутахассислари ўқув-семинар дастурига асосан, «Касаба уюшмалари бошланғич ташкилотларининг фаолиятини устав талаблари ва меъёрий ҳужжатлар асосида ташкил этиш, ишларни режалаштириш,» «Бошланғич ташкилотларда ўз қарорлари, юқори ташкилотлардан тушаётган ҳужжатлар ижроси бўйича мониторинг олиб бориш,» «Касаба уюшмаси қўмитаси мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш,» «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги янги Қонун, иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини тартибга солиш ва меҳнат низоларини ҳал қилишнинг ҳуқуқий асослари,» «Жамоа шартномаларини тузишнинг ҳуқуқий асослари,» «Меҳнат жамоаларида маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ташкил этишнинг асосий йўналишлари,» «Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида касаба уюшмаларининг роли» мавзуларида назарий ва амалий машғулотлар ўтказди.

Ўқув-семинарда иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, анкета саволларига жавоб берди.

Худди шундай семинар Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар Кенгашининг 32 нафар янги сайланган касаба уюшмаси қўмита раислари ўртасида ҳам ўтказилиб, унда янги сайланган касаба уюшмаси бошланғич ташкилоти раисларининг касаба уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, федерацияга аъзо ташкилотларнинг бошланғич касаба уюшмаси ташкилотлари ишини жонлантириш ва самарадорлигини ошириш, барча даражадаги касаба уюшмалари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мавзуларида маърузалар қилинди. Шунингдек, семинарда касаба уюшмаси етакчилари, мутахассислари ва фаолларини ўқитишни янада такомиллаштириш бўйича комплекс тизимни ривожлантириш, меҳнат муносабатларини ривожлантиришда касаба уюшмалари ходимларининг меҳнат соҳасида қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини таъминлаш, касаба уюшмаларининг асосий фаолият йўналишлари бўйича жамиятдаги таъсирини кучайтириш энг муҳим вазифалар этиб белгиланди.

Семинар давомида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги