Нормадан ортиқ шовқинга йўл қўяётган объектлар фаолияти тўхтатиб турилиши мумкин

50

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назорати фаолиятига доир масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Мажлисда дастлаб “Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Депутат Б.Эшмирзаев қайд этганидек, аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси депутатлар ва  соҳа мутахассисларининг таклифлари асосида иккинчи ўқишга тайёрланган ва такомилига етказилган. Хусусан, лойиҳа билан фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақтлар оралиғини амалдаги етти соатдан (соат 23:00 дан 06:00 гача) саккиз соатга (соат 23:00 дан 07:00 гача), дам олиш кунлари ва қонунчилик билан белгиланган ишланмайдиган байрам кунлари эса соат 22:00 дан 09:00 гача бўлган вақт оралиғига ўзгартириш таклиф этилмоқда. Ушбу вақт оралиғида фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.

Шунингдек, аҳоли истиқомат қиладиган кўп квартирали уйларда шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан ошадиган қурилиш ва таъмирлаш ишларини иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга ошириш мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.

Шовқиннинг зарарли таъсири натижасида етказилган зарар учун компенсация суд тартибида ундирилиши, компенсация тўлаш шовқиннинг зарарли таъсирининг олдини олишга қаратилган тадбирларни бажаришдан озод этмаслиги, шовқиннинг йўл қўйиладиган даражасидан юқори бўлган меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларнинг меҳнати учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка асосан оширилган миқдорда ҳақ тўланиши белгиланмоқда.

Фуқароларнинг осойишталигини ва нормал дам олишини бузишга йўл қўйилмайдиган вақт оралиғида белгиланган нормадан ортиқ шовқинга мунтазам равишда йўл қўяётган объектлар фаолиятини тўхтатиб туриш механизми аниқлаштирилмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар айрим нормалар бўйича саволларни ўртага ташлади. Мутахассислар саволларга тегишли жавоб қайтаришар экан, ҳар бир соҳада белгиланган шовқин нормаси борлигини, ана шу нормадан ошиб кетса, жавобгарлик белгиланишини таъкидлади. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар аҳолини шовқиннинг зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиши учун қандай чораларни кўриши кераклиги, бу борадаги талаблар қонуности ҳужжатларида ҳам белгилаб берилиши мумкинлиги айтилди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг саломатлиги ва осойишталигини ҳар қандай зарарли шовқинлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасида самарали ҳуқуқий механизмларни яратишга хизмат қилиши таъкидланиб, учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА