Қишлоқ хўжалиги ерларини қайта ижарага бериш мумкинлиги белгиланмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда товарлар (ишлар, хизматлар) ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланишига ва (ёки) реализация қилинишига аралашганлик ёхуд тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ўзига ижарага берилган икки ёки ундан ортиқ ер участкаларидан бири ёки бир нечтаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши, яъни қисман қайта ижарага бериши мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида фермер хўжалиги раҳбари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган ишга қабул қилинган тақдирда ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ўз оила аъзоларидан бирига қонунчиликка мувофиқ ижара шартномаси амал қиладиган муддатга беришга ҳақли экани белгилаб қўйилмоқда.
Лойиҳада назарда тутилаётган нормалар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланиб, депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
М.Комилова,
ЎзА