Туркий давлатлар ташкилоти тўлақонли иқтисодий ҳамжамиятга айланмоқда
Замонавий жаҳон иқтисодиёти чуқур трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда. Бозорлар учун глобал рақобат кучаймоқда, логистика йўналишларида ўзгаришлар юз бериб, янги ўсиш марказлари шаклланмоқда. Хатарлар ҳамда ноаниқликлар ортиб бораётгани эса мамлакатлардан мослашувчанлик ва мувофиқлашган ҳаракатларни талаб этади.
Бундай шароитда минтақавий бирлашмаларнинг аҳамияти тобора ортиб бораётгани ойдек равшан. Улар нафақат сиёсий майдон сифатида, балки ноаниқ вазиятларда барқарор ривожланишни таъминлай оладиган муҳим иқтисодий таянч нуқтаси сифатида ҳам намоён бўлмоқда.
Шундай бирлашмалар эволюциясининг ёрқин намунаси – Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ҳисобланади. Бугун Озарбайжонда ушбу тузилманинг “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусидаги XII саммити ўтказилади.

Марказий Осиё халқаро институти етакчи илмий ходими Шавкат АЛИМБЕКОВ билан суҳбатлашиб, бу галги анжуман аҳамияти, кутилаётган натижалар ва истиқболлар хусусидаги фикрлари билан қизиқдик:
– Аввал маданий ва гуманитар ҳамкорликка йўналтирилган Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда тез суръатлар билан тўлақонли иқтисодий ҳамжамиятга айланмоқда, – деди Шавкат Алимбеков. – Бу ҳолат ТДТ мамлакатларининг макроиқтисодий кўрсаткичларида ҳам акс этмоқда. 2024 йилда ташкилот аъзолари ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми 2,1 триллион долларга етди, ички товар айланмаси эса 2022 йилдаги 30,9 миллиард доллардан 2024 йилда 45 миллиард долларгача ошди. Яъни, икки йил ичида 45 фоизга ўсиш кузатилди – бу кўрсаткич ўртача жаҳон суръатларидан анча юқори бўлиб, иқтисодий интеграция кучайиб бораётганини кўрсатади.
Айниқса, бу ўсишга Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон катта ҳисса қўшмоқда. Гарчи Туркия ТДТнинг энг йирик иқтисодиёти бўлиб қолса-да, айнан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон энг динамик ўсишни намоён қилмоқда.
2024 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 6 фоизлик барқарор ўсишни қайд этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,8 фоизга ошди. Энг катта ўсиш хизмат кўрсатиш, қурилиш ва саноатда кузатилди.
Бу кўрсаткичлар мамлакатимизнинг ТДТ доирасида иқтисодий ўсиш локомотиви сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини, шу билан бирга мамлакатнинг бутун туркий дунё учун стратегик ривожланиш йўналишини белгилашга тайёрлигини тасдиқлайди.
Ўзбекистонда 2024 йил бошидан буён ТДТ мамлакатлари капитали иштирокида 500 дан ортиқ янги корхона ташкил этилди, умумий сони эса 4 мингтага етди, яъни республикадаги чет эл сармояси иштирокидаги барча корхоналарнинг 28,8 фоизини ташкил этмоқда.
Инвестициявий интеграция ва Ўзбекистоннинг ташаббуслари
2024 йил 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган ТДТнинг норасмий саммитида Президент Шавкат Мирзиёев Ягона инвестиция портали яратиш ташаббусини илгари сурди.
Бу рақамли платформа инвестиция лойиҳалари, устувор соҳалар ва сармоя учун мавжуд имкониятлар ҳақидаги маълумотларни бирлаштирувчи ягона майдон сифатида эътироф этилади.
Бундай тизим ички ва халқаро инвесторлар учун аниқ ва шаффоф шароит яратиб, бутун минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини оширади.
Инвестициявий интеграция мавзусини ривожлантирар экан, давлат раҳбари стартаплар ва юқори технологияли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшма венчур компаниясини ташкил этишни кейинги қадам сифатида таклиф қилди.
Бундай ташаббус, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари учун долзарб, чунки бу ҳудудда узоқ муддатли капиталга етарли даражада кириш имконияти чекланган. Венчур механизмлари хавфларни тақсимлаш билан бирга инновацион ривожланишни рағбатлантиради, бу эса келажак иқтисодиётига ўтишнинг муҳим шартидир.
Саноат кооперацияси ва инфратузилмани ривожлантириш
Инвестиция кун тартибининг мантиқий давоми – саноат кооперацияси. Ўзбекистон кимё, энергетика, тоғ-кон, фармацевтика, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва қурилиш саноати соҳаларида йирик ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Бу трансчегаравий ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, харажатларни оптималлаштириш ва лойиҳаларни амалга ошириш муддатларини қисқартириш имконини беради.
БМТ маълумотларига кўра, бундай кооперация моделлари ишлаб чиқаришни тайёрлаш вақтини 14-20 ойга қисқартиради, харажатларни эса 70 фоизгача камайтиради.
Айниқса фармацевтика соҳаси жуда истиқболли ҳисобланади – қўшма корхоналар нафақат ички бозор эҳтиёжини қондириши, балки Яқин Шарқ ва Африка каби ташқи бозорларга ҳам чиқиши мумкин.
Саноат кооперациясини ривожлантириш ТДТнинг 2040 йилгача бўлган ривожланиш стратегиясида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бу жараёнда муҳим восита Туркий савдо-саноат палатаси, у тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга самарали ёрдам бермоқда.
Транспорт ва логистика – янги стратегик йўналиш
Замонавий инфратузилмасиз барқарор саноат ва савдо алоқаларини таъминлаш мумкин эмас. Шунинг учун Шарқ–Ғарб ва Шимол–Жануб транспорт йўлакларини яратиш ТДТ учун стратегик устувор вазифага айланмоқда.
Бундан ташқари, ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этиб, божхона тартиб-қоидаларини соддалаштиришни жадаллаштириш ҳам муҳим.
Бу масалаларни ҳал этиш доирасида Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида Туркий давлатлар мультимодал транспорт ва логистика бўйича халқаро форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Ушбу форум соҳавий шерикликни мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлади.
Ғарб экспертлари баҳолашича, божхона расмийлаштирувини бир кунга қисқартириш товар айланмасини 3–5 фоизга ошириш имконини беради. Демак, инфратузилмага сармоя киритиш – бу фақат савдони қўллаб-қувватлаш эмас, балки бутун минтақавий иқтисодиёт ўсишининг калити ҳисобланади.
Ўзбекистон раҳбари илгари сурган ташаббуслар орасида Савдони кенгайтириш бўйича амалий дастурни қабул қилиш таклифи алоҳида аҳамиятга эга.
Унинг амалга оширилиши ТДТ ичида иқтисодий фаолликни кучайтириб, мамлакатлар ўртасидаги товар айланмасини янада жонлантиради.
Бу дастурни муваффақиятли амалга оширишда замонавий рақамли воситаларни ривожлантириш муҳим ўрин тутади.
Шу нуқтаи назардан Президентнинг “Turk-Trade” онлайн платформасини яратиш ташаббуси катта ҳам аҳамиятга эга.
Бу ягона рақамли майдонда ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар ва харидорлар бир экотизимда бирлашиб, реал вақт режимида битимлар тузиш, логистикани кузатиш ва маълумот алмашиш имконига эга бўлади.
Рақамли ечимлар орқали улар катта сарфларсиз янги бозорларга чиқиш имкониятини қўлга киритади, бу эса рақобатбардошликни оширади ва тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантиради.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон етакчиси илгари сурган ташаббуслар Туркий давлатлар ташкилотининг кенг кўламли институционал трансформацияси учун бошланғич нуқта сифатида қаралиши мумкин.
Мамлакат фақат фаол иштирокчи эмас, балки тизимли ўзгаришларни илгари сурувчи ташаббускор сифатида чиқмоқда, бу эса минтақавий ҳамкорликнинг янги меъморий тузилмасини белгиламоқда.
ЎзА мухбири
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ
ёзиб олди.