МИБ 14 миллиард сўмдан ортиқ қарзни ундириб берди

122

Электр энергияси, ичимлик суви ва табиий газ кундалик ҳаётимизда фойдаланадиган энг муҳим манбалардир. Улардан исроф қилмасдан оқилона фойдаланиш, энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш истеъмолчиларга битмас-туганмас бўлиб кўринадиган бойликларни тежашда муҳим аҳамият касб этади. Лекин айрим жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслиги йирик миқдордаги қарздорликни келтириб чиқармоқда. Бу ҳолат судларда ечимини топиб, қарзлар Мажбурий ижро бюроси органлари орқали ундирилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари томонидан бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилда ичимлик суви ва энергия ресурсларидан қарздорликларни ундириш бўйича 24,7 миллиард сўмлик 4 минг 765 та ижро ҳужжати келиб тушган бўлиб, ижро ҳаракатлари давомида 4 минг 176 та ижро ҳужжати тамомланиб, 14,4 миллиард сўмлик қарздорликлар ундирилган.

Қолдиқ ижро ҳужжатлари бўйича жами 62,2 миллион сўмлик битта кўчмас мулк электрон онлайн аукционга чиқарилган.

Шунингдек, 239,8 миллион сўмлик 51 та иш бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилган ва 19,9 миллион сўмлик 5 та қарздорнинг хорижга чиқиш ҳуқуқлари чекланган.

Ижро ҳужжати талабларини бажармаган 22 нафар қарздорга нисбатан 42,5 миллион сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.

Ҳозирда истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан ҳосил бўлган қарздорликларини ундириш чоралари давом эттирилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги