“Uzbekistan GTL” МЧЖ биринчи бўлиб ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритди

Бу ҳақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати хабар берди. Унда маълум қилинишича, ушбу ташкилот таркибидаги “Uzbekistan GTL” масъулияти чекланган жамиятига Божхона қўмитаси томонидан ваколатли иқтисодий операторнинг биринчи тоифаси мақоми берилди.
Бу мақом нефть-газ соҳасида биринчи марта “Uzbekistan GTL” корхонасига тақдим этилди.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, бундан буён “Uzbekistan GTL” корхонаси ташқи савдо жараёнларида божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, товарларни тезроқ расмийлаштириш ва чиқариш, ташиш йўналишларини эркин белгилаш, экспорт юкларига қўйилган пломбаларни божхона органлари томонидан расман тан олиниши ҳамда чет эл товарларини божхона ҳамроҳлигисиз ташиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, бундай имконият заводнинг ишлаб чиқариш ва экспорт-импорт операцияларини сезиларли даражада енгиллаштиради. Хусусан, технологик ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва реагентларни олиб кириш жараёнлари жадаллашади ҳамда тайёр маҳсулот, яъни синтетик ёқилғи ва бошқа турдаги маҳсулотларни хорижий бозорларга экспорт қилишда божхона расмийлаштируви соддалашади.
“Uzbekistan GTL” учун берилган мазкур мақом нафақат корхона тараққиёти, балки мамлакатимиз саноатидаги логистика ва ташқи иқтисодий муносабатларнинг янада такомиллашишига хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, бу каби мақом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги қарори билан тасдиқланган “Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низом” асосида берилади. У ваколатли корхоналарга божхона соҳасида бир қатор қулайлик ва енгилликлар яратиб беради.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА