Халқ вакили сайловчилари билан учрашди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатларининг жорий йилнинг учинчи чораги давомидаги ишлари бўйича сайловчиларга ахборот бериш режаси доирасида, Жўқорғи Кенгес депутати Аҳмед Реймов ўзи сайланган Нукус шаҳридаги Жуўазчи маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда депутат Аҳмед Реймов мамлакатимизда, жумладан, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, йўл ва инфратузилмани ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, мамлакатимизда Президент томонидан қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар бўйича кенг тушунчалар берди.
Учрашув давомида ҳудуд аҳолиси ҳам кўчаларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, болалар ва ёшлар учун маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш каби бир қатор таклиф ва муаммоларни билдирди.
Депутат ушбу масалаларни диққат билан тинглаб, уларни ҳал этиш бўйича мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий чоралар кўрилишини маълум қилди.



Сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ахмед Реймов шу ҳудудда яшовчи, жисмоний имконияти чекланган фуқаронинг аҳволидан хабар олди ва унинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида, уйини таъмирлаш учун зарур қурилиш материалларини топширди.
Бу эзгу ташаббус аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига доимий эътибор қаратилаётганини яна бир бор намоён этди.
Депутат Аҳмед Реймовнинг таъкидлашича, ҳар бир фуқаронинг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жой шароитини яхшилаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Ўтказилган тадбирда ҳудуд фаоллари ва аҳолиси кўрсатилган бу амалий ёрдам учун А.Реймовга ўз миннатдорчилигини билдириб, бундай ташаббуслар жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашини таъкидлади.
Адилбай Оразов, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси