Марказий Осиё педагоглари Нукусда учрашмоқда

95

Бугун Нукус шаҳридаги Оққуш мажмуасида «Марказий Осиё педагоглари» халқаро форумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримовалар сўзга чиқиб, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида таъкидлаб ўтди.

Дарҳақиқат, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида таълим-тарбия тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, ўқув жараёнига илғор тажрибалар, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, педагогларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ўқувчи ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунар сирларини ўргатиш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Ўтаётган форумда Марказий Осиё давлатларининг етакчи педагоглари, таълим соҳаси фидойилари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шунингдек, қатор халқаро ташкилотлар ҳамда Кембриж университети вакиллари иштирок этмоқда.

«Барқарор келажак – экологик таълимдан бошланади» деган ғоя асосида ўтказилаётган бугунги Халқаро форум Марказий Осиё давлатлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда, педагоглар учун тажриба алмашиш платформасини яратишда ва минтақавий таълим тизимини ривожлантиришда, халқаро яқин ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.

Форум доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги