Маърифат, мулоқот ва дўстлик маскани

83

Миллатлараро дўстлик, аҳиллик, тинчлик ва осойишталик – энг катта ва бебаҳо бойлик ҳисобланади.

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 мартда қабул қилинган “Умуммиллий тотувлик ва хориждаги ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашни янги босқичга олиб чиқишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамиятда дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифаларга катта эътибор қаратилмоқда.

Пойтахтимизда жойлашган Миллий маданий марказлар павильонида Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Халқ дипломатияси маркази билан ҳамкорликда маҳаллий ва ШҲТ давлатлари медиа соҳаси вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлаб пресс-тур иштирокчиларига мамлакатимизда миллатлараро тотувликни кўз-қорачиғидек асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар, Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази фаолияти ҳамда Миллий маданий марказлар павильонлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шундан сўнг журналистлар ва меҳмонлар турли миллат ва элатларнинг урф-одатлари, уй-рўзғор буюмлари, санъат асарлари, мусиқа чолғулари ва бетакрор экспонатлардан ташкил топган дўстлик уйлари билан танишдилар. Икки қаватли мазкур муҳташам ва файзли дўстлик уйлари 22 миллатнинг анъана ва қадриятларини мужассам этган.

Айни пайтда бу ерда қозоқ, қирғиз, туркман, бошқирд халқларининг миллий ўтовлари, шунингдек корейс, беларус, украин, немис, грек, дунган, поляк, яҳудий, грузин, арман, татар, қрим-татар, уйғур, турк, тожик, хитой, рус ва озарбайжон миллатига мансуб дўстлик уйлари фаолияти билан кенг танишиш имконияти яратилди.

Мазкур Миллий маданий марказлар павильонлари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган бўлиб, 30 июль – Халқлар дўстлиги куни арафасида тантанали тарзда фойдаланишга топширилган эди.

Павильон мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик сиёсатининг амалий ифодаси бўлиши билан бирга, ўзаро мулоқот ва фикр алмашиш майдонига ҳам айланди.

Қисқа муддат ичида бу ерда турли тантанали тадбирлар, сайллар, концертлар, дўстлик фестиваллари ва кўргазмалар ташкил этилди.

Дарҳақиқат, ушбу маскан бугунги кунда пойтахтимизнинг энг гавжум ва файзли гўшаларидан бирига айланиб улгурди.

 

Назокат  УСМОНОВА,

 ЎзА мухбири