Ёшлар инновацияси – тиббиётнинг рақамли келажаги

159

Бутун дунё бўйлаб IT соҳасининг ривожланиши билан ҳаётимизга янги атама ва терминлар кириб келмоқда.  Шулардан бири Hackathon (Хакатон) сўзи бўлиб, у бугунги кунда юртимизда асосан рақамли технологиялар бўйича мутахассислар томонидан кенг қўлланилиб келинмоқда.

Интернет тармоғидан олинган маълумотлар бўйича бу мутахассислар (ижодкорлар, дизайнерлар, таҳлилчилар) гуруҳлари чекланган вақт ичида (бир суткадан бир неча кунгача) маълум бир масалани ҳал қилиб, маҳсулот, хизмат ёки дастурнинг прототипини яратадиган мусобақа-тадбир дегани экан. Атама инглиз тилидаги «hacker» (хакер) ва «маратҳон» (марафон) сўзларидан ташкил топган бўлиб, IT соҳасида янги бир нарса яратиш устида ишлашнинг интенсив характерини акс эттиради.

2 октябрь куни Нукус шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, IT Park Uzbekistan ва Uzinfocom ташкил этган «HealthTech AI Hackathon» тадбири ўтказилди. Бу тадбир мамлакатда сунъий интеллект йўналишида ўтказилаётган умуммиллий хакатон лойиҳасининг биринчи босқичидир.

AI Hackathon лойиҳаси 2025 йилнинг октябридан 2026 йилнинг декабрь ойигача босқичма-босқич амалга оширилиб, мамлакатимизнинг барча 14 минтақасини қамраб олади. Ўтказилаётган ушбу лойиҳанинг асосий мақсади тиббиёт соҳасида рақамли ислоҳотларни жадаллаштириш бўлиб, унда IТ ва тиббиёт йўналишидаги талабалар, ёш шифокорлар, мутахассислар ва тиббиёт муассасалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида улар учун дастлаб маҳорат дарслари ва менторлик сессиялари ўтказилиб, Хакатонда 36 та жамоадан иборат 200 дан ортиқ иштирокчилар томонидан соғлиқни сақлаш тизими учун замонавий рақамли ечимлар ишлаб чиқилди ва улар шифокорлар, вазирлик вакиллари ва IT соҳаси етакчиларидан иборат экспертлар ҳайъатига тақдим этилди.

– Тадбирнинг дастлабки кунида 36 та гуруҳ иштирок этган бўлса, улар орасидан 30 та гуруҳ танлаб олинди, – дейди Рақамли технологиялар вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Атабек Сейитбаев. Экспертлар синовидан муваффақиятли ўтган лойиҳалар амалиётда қўлланилади.

– Шогирдларим билан биргаликда қандли диабет касаллигини эрта аниқлаш ва уларни касаллик белгилари бўйича шифокорларга юбориш дастурини ишлаб чиқиш бўйича ишларни олиб боряпмиз, – дейди «Ёш дастурчи» гуруҳи етакчиси Адилбай Кенесбаев.

Мутахассисларнинг фикрича, тиббиётни рақамлаштириш орқали касалликларни эрта аниқлаш, сурункали касалликларни башорат қилиш, телемедицина хизматларини кенгайтириш ва саломатликни реал вақтда кузатиш имконияти яратилади.

Энг яхши ғоялар грантлар, акселерация ва инкубация дастурлари орқали қўллаб-қувватланади. Шунингдек, ғолиблар венчур фондларидан инвестиция жалб қилиш имкониятига эга бўлади.

Технологиялар ҳаётни осонлаштириши керак, ушбу хакатон эса соғлиқни сақлашни яхшилаш ва уни арзонлаштиришга хизмат қиладиган ечимларни яратишга ёрдам беради, деб ишонамиз.

Бу эзгу ташаббусга Yandex Uzbekistan, Uzum, Click, ZTE, Central Asian University, New Uzbekistan University ва AKFA каби йирик компаниялар ҳам кўмаклашмоқда.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси