“Ўзбекнефтгаз” АЖнингкоррупцияга қарши менежмент тизими халқаро аудитдан муваффақиятли ўтди

Ҳозирги глобал иқтисодий шароитда корпоратив шаффофлик, ҳалоллик ва масъулият тамойилларига риоя қилиш ҳар қандай йирик ташкилот учун стратегик аҳамият касб этади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан коррупция хавфини бошқариш тизимини халқаро талаблар асосида жорий этиш ва уни такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар нафақат ички фаолият самарадорлигини ошириш, балки халқаро ишончни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Жамият ахборот хизматининг хабар беришича, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг “ISO 37001:2016” халқаро стандарт талабларига мувофиқ жорий этган Коррупцияга қарши менежмент тизими навбатдаги аудитдан муваффақиятли ўтди.
Аудит жараёнида жамиятда коррупция хавфини аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш механизмлари, ички назорат тизимлари ҳамда ходимларнинг этика ва одоб-ахлоқ меъёрларига амал қилиши атрофлича ўрганилди. Натижада тизимнинг халқаро стандартларга тўлиқ мувофиқлиги тасдиқланди ва сертификатнинг амал қилиш муддати узайтирилди.
“Ўзбекнефтгаз”да мазкур тизимнинг жорий этилиши фаолиятда шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш ва инвесторлар ишончини оширишга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, бу жараён жамиятнинг корпоратив бошқарув сифатини янада яхшилаш ва халқаро стандартларга мослаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида эътироф этилаётир.
Мухтасар айтганда, коррупцияга қарши курашда замонавий усулларни жорий этиш ва халқаро стандартларга мувофиқ ишлаш “Ўзбекнефтгаз”нинг келажакка ишонч билан қараши ва жамиятимизда шаффофликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим натижадир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА