Нукусда Саломатлик марафони бошланди

Бугун Нукус шаҳрида Саломатлик марафони бошланди. Касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига қаратилган ушбу акция орқали ҳудудда яшовчи аҳоли 31 октябрга қадар скрининг ҳамда профилактик кўриклар билан қамраб олинади.
Тиббий текширувлар Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникаси ва бир вақтнинг ўзида Нукус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиникада бўлиб ўтмоқда.
Бу жараёнга маҳаллий шифокор ва ҳамширалар билан бирга, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда бир қатор илғор хорижий клиникалардан етакчи мутахассислар жалб этилган.
Шунингдек, 3 та жамоат жойида ташкил этилган “Саломатлик майдончалари”да соғлом турмуш тарзи тарғиботига доир тадбирлар, антропометрия, қон босими ва пульс ўлчаш каби кўриклар амалга ошириляпти.
Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида бўлиб ўтган очилиш маросимида Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида бўлиб ўтган очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси Ф.Эрманов ва соҳа масъуллари сўзга чиқиб, ушбу акция тиббиётни халққа янада яқинлаштириш, ҳудудда касалликларнинг олдини олиш ҳамда соғлом турмуш тарзи тарғиботига хизмат қилишини қайд этди.
Скрининг текширувлари ва профилактик кўриклар ўтказиладиган тиббиёт муассасаларига мобиль маммографлар, флюорографлар, ангиограф, УЗИ аппаратлари ва офтальмологик жамланмалар келтириб ўрнатилган.
Клиник ва биохимик лаборатор текширувлар учун барча зарур жиҳозлар мавжуд. Керакли материаллари захираси яратилган.
Дастлаб маҳаллий тиббиёт ходимлари томонидан аҳоли профилактик кўрик ва скрининг текширувларидан ўтказиляпти. Сурункали касаллиги бор беморлар республиканинг етакчи мутахассислари кўриги ҳамда юқори технологик текширувлар учун сараланмоқда.
Навбатдаги босқичда Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасида мобиль ва стационар ускуналар ёрдамида инструментал текширувлар, селектив скрининг ҳамда сурункали касаллиги бор аҳоли учун пойтахтдан келган етакчи мутахассислар иштирокида кўрсатма асосида қўшимча текширувлар амалга ошириляпти.

Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси