Вазирлик фидойи устозларни тақдирлади

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г. Кожабаева соҳа фидойиларини байрам билан табриклади ва сўнгги йилларда таълим соҳасида юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар, қорақалпоғистонлик ўқувчи ва ўқитувчиларнинг фан олимпиадаси, турли танлов ва мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида кенг тарзда сўзлаб берди.
– Сизларнинг тинимсиз меҳнатингиз, фидойилигингиз, келажагимиз бўлган ёш авлодни тарбиялашдаги хизматларингиз таҳсинга сазовор. Бугунги кунда таълим тизимидаги ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, аввало, сиз, азиз ўқитувчиларнинг куч-ғайратингизга боғлиқ. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, бардавом ютуқлар, оилавий бахт ва педагогик фаолиятингизда улкан зафарлар тилайман! – деди вазир Г.Кожабаева.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Г.Кожабаева ва вазирнинг биринчи ўринбосари А.Даулетбаевлар томонидан соҳада самарали меҳнат қилаётган бир гуруҳ фидойи ўқитувчи ва мураббийларга «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими фидойиси,» «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» ва «Қорақалпоғистон Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.

– Бугун таълим соҳасидаги хизматларим вазирлик раҳбарлари томонидан муносиб рағбатлантирилди, – дейди мукофотланганлардан бири Қўнғирот туманидаги Баркамол авлод мактаби директори Мунира Матмуратова. – Бунинг учун соҳа раҳбарларига катта раҳмат айтиб, келгуси вақтларда ҳам ўқувчиларни замон талабига мос тарбиялаш йўлида фидойилик билан хизмат қилаверамиз деб халқимизни ишонтириб қоламан.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси