Устоз – Меҳр ва ҳурмат тимсоли: ҳокимнинг байрам табриги

1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан Тахиатош тумани Маданият марказида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрам кечасида тумандаги муассаса-ташкилот раҳбарлари, депутатлар, соҳа фидойилари ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Тахтакўпир тумани ҳокими Ж.Адилов ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Б.Алдамуратовлар сўзга чиқиб, ўқитувчи ва мураббийларни касб байрами билан самимий табриклади ва сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудларда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришларни катта мамнуният билан қайд этди.
Сўнгра ёш авлодни тарбиялаш, маърифат тарғиботи ва таълим соҳасини ривожлантиришда алоҳида фаоллик кўрсатган бир гуруҳ педагог-ходимларга туман ҳокимлиги томонидан Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири концерт дастури билан давом этди.
Шу куни туман ҳокими Жамбул Адилов 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» байрами муносабати билан мактаб даврида ўзига таълим-тарбия берган устози Тозагул Аширбекованинг хонадонига ташриф буюриб, уни байрам билан табриклади.
Шундан сўнг туман ҳокими устози билан биргаликда А.Адилов ҚФЙ ҳудудидаги 7-сонли умумтаълим мактабининг жамоаси ва ўқувчилари билан учрашди.
Учрашувда туман ҳокими мактабда ўқиган даврларини эслаб ўқувчилар билан бўлишди ва бугунги кунда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўқувчиларнинг билим олиши учун яратилаётган имкониятлар ҳақида айтиб ўтди.



Тадбир якунида ўқувчиларга турли номдаги китоблар совға қилинди. Шунингдек, устоз ва шогирд биргаликда мактаб ҳудудида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиб, умумхалқ эзгу ишига ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси