Сенат қўмитасида қатор ижтимоий масалалар муҳокама қилинди

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Ижтимоий иш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонунда ижтимоий иш соҳасидаги асосий тушунчалар акс эттирилган. Ижтимоий иш соҳасининг асосий принциплари, ижтимоий ишни ташкил этиш, ижтимоий иш соҳасини тартибга солиш, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам, ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам соҳасидаги давлат назорати, ижтимоий ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ижтимоий ходим фаолиятининг кафолатлари белгилаб берилган.
Қонун юзасидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда экспертларнинг таклифлари эшитилди. Батафсил ўрганишлардан сўнг қўмита томонидан тегишли қарор қабул қилинишига келишилди.

Мажлисда Тошкент вилоятида умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун яратилган шароитлар, таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, вилоятда ҳозирги кунда 877 давлат умумтаълим мактаби фаолият юритмоқда. Уларда 568 мингдан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. 2025 йилда мактабни 34 минг 720 нафар ўқувчи тамомлаган бўлиб, улардан 30 минг 260 нафари давлат олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, ўртача 76,9 балл натижа қайд этилган.

Сенаторлар таълим сифатини баҳолашга қаратилган тадбирларда айрим камчиликларга йўл қўйилганини қайд этди. Хусусан, 2025 йилда ўтказилган педагог кадрлар аттестациясида ўқитувчиларнинг 852 нафарида малака тоифаси пасайган, 5 минг 775 нафари эса белгиланган минимал ўтиш баллни тўплай олмаган. Шунингдек, 2025 йилда ўқувчиларнинг минтақавий ва халқаро олимпиадалардаги иштироки республика кўрсаткичининг бор-йўғи 2,5 фоизини ташкил этган (республика бўйича жами медаллар сони – 195, Тошкент вилоятида эса – 5 та).
Шунингдек, вилоятда 158 умумтаълим мактаби узоқ йиллардан буён давлат дастурлари асосида мукаммал таъмирланмаган, 149 мактабнинг спорт заллари таъмирталаб ҳолатда бўлса, 174 мактабнинг спорт заллари мавжуд эмас, 2 минг 59 спорт майдончасининг 552 таси ҳолати қониқарсиз.
Муҳокама якунида мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди ва қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА