Корея Республикасининг Сежонг тил ўрганиш маркази вакиллари институтга ташриф буюрди

91

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Корея Республикасининг Сежонг тил ўрганиш маркази вакиллари Хур Сеон Хаёнг ва Ли Санг Шик билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Корея Республикаси билан савдо-сотиқ, инвестиция ва иқтисодий алоқалар бўйича маслаҳатчиси Гўзал Шамуратова, институт ректори Алишер Уббиев, ўқув ишлари бўйича проректори Мухтар Ибрагимов ва халқаро ҳамкорлик бўлими масъуллари иштирок этди.

Тадбирда ректор Алишер Уббиев бугунги кунда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида фан, таълим, маданий-гуманитар соҳалар бўйича ҳамкорлик самарали давом этаётганини таъкидлаб, меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлади. Шунингдек, институтда илмий-педагогик йўналишда халқаро ҳамкорлик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди.

Учрашув давомида Корея Республикасининг илғор олий ўқув юртлари билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларининг академик мобиллик, стажировкалар ва ўқув дастурлари доирасида грант лойиҳаларида иштирок этишига кўмаклашиш, институтда корейс тилини ўқитиш имкониятлари, корейс тили бўйича етук мутахассисларни тайёрлаш масалалари муҳокама қилиниб, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар кўриб чиқилди.

Тадбир якунида меҳмонлар институтда ташкил этилган Корейс тили хонаси билан танишиб, бу ердаги ўқув адабиётлари билан таъминлаш ишларига юқори баҳо берди.

Мазкур учрашув институтда Корея Республикасининг таълим ташкилотлари билан халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги