Томчидан маҳсулот, қуёшдан қувват олинмоқда

89

Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасида янги инновацион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Хусусан, мазкур лойиҳа асосида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) билан ҳамкорликда 70 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан Кегейли туманида «Бўрили ой» фермер хўжалигининг коллектор сувларини қайта тозалаш ва муқобил энергиядан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштириш орқали сув билан таъминлаш, 5 гектар майдонда полиз ва мева етиштириш йўлга қўйилади.

– Ўтган кузда фермер хўжалигининг 1 гектар ерига 800 туп интенсив олма кўчати экилиб, замонавий боғ яратилди, – дейди «Бўрили ой» фермер хўжалиги раҳбари Аймурза Қутлимуратов. – Янги боғда маҳаллий иқлимга мос мевали дарахтлар экилиб, уларнинг самарадорлигини ошириш учун барча агротехник тадбирлар амалга оширилди.

Одатда, сув танқислиги туфайли ернинг унумдорлиги пасаяди. Қуёш панеллари қувватида ишлайдиган томчилатиб суғориш технологияси сувни тежайди ва барқарор тарзда етказиб, ҳосилдорликнинг яхшиланишига ёрдам беради.

Бугунги кунга пудратчи, лойиҳа доирасида, фермер хўжалигига 15 квт қуёш панеллари орқали ишлайдиган томчилатиб суғориш технологияси ўрнатилди.

Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида интенсив усулда артемия ва балиқчилик ҳавзаси қуриб битказилди.  Ушбу ҳовузда замонавий технологиялар ёрдамида балиқ етиштириш йўлга қўйилиб, артемия личинкалари балиқлар учун озуқа бўлади.

Сув танқислиги даврида бундай йирик лойиҳанинг энг чекка қишлоқ ҳудудларида амалга оширилиши ер унумдорлигини ошириш билан бирга, янги иш ўринлари очилишига имкон яратди.

Бугунги кунда кесувчи корхоналар томонидан дренаж сувларини чучуклаштириш ускунасини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Нукус филиали кўмагида амалга оширилган ушбу ташаббус экологик тоза маҳсулот етиштиришда жуда муҳимдир.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси