Фидойи мураббий-устозлар тақдирланди

85

Бугун Нукус шаҳрида жойлашган Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлигининг ташаббусидаги 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам кечаси бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазири Е.Қутибоев сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади. У ўз сўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан мамлакатимизда спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, мамлакатимиз спортчиларининг қўлга киритаётган ютуқлари ва бунда соҳада фаолият олиб бораётган фидойи устоз-мураббийларнинг хизмати улкан эканлигини таъкидлаб ўтди.

Байрам кечасида кўп йиллар давомида спорт соҳасида самарали хизмат қилиб келаётган бир гуруҳ ходимлар, нуроний спортчилар ва ёшлар Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони ва Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлигининг Ташаккурномалари билан тақдирланди.

– Ушбу байрам кечасида «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирландим, – дейди Мўйноқ тумани спорт мактаби директори ўринбосари А.Кўпжурсинова. – Бизга кўрсатилган бу рағбат бизни янада олдинга ундайди. Бунинг учун вазирлик раҳбарларига катта раҳмат айтаман.

Тадбир республикамизга таниқли санъат усталари томонидан тайёрланган мусиқий концерт дастури билан жуда кўтаринки руҳда ўтди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.