Депутат Кегейли, Бўзатов ва Қораўзакдаги сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги «Адолат» социал-демократик фракцияси аъзоси Нодира Рашидова Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли, Бўзатов ва Қораўзак туманларида бўлиб, ҳудуд аҳолиси билан яқиндан мулоқот қилди.
У ўзининг ўрганишларини Бўзатов туманидан бошлади ва халқ билан суҳбатлар уйма-уй юриб ташкил этилди. Хусусан, у Қусханатов овул фуқаролар йиғинида еттилик аъзолари билан суҳбатлашиб, кўп йиллардан буён ер билан тиллашиб келган бобо деҳқон Жугинис Жуманазаровнинг томорқасини кўздан кечирди ва унинг иш тажрибасини оммалаштириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Бўзатов туманида янгидан қад ростлаётган Бўзатов санаторияси қурилишида бўлиб, объектда олиб борилаётган қурилиш жараёни билан танишди. 200 ўринли сиҳатгоҳ даволаш учун барча жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, объект қурилиши режага кўра октябрь ойида якунланиши мўлжалланган.
Кегейли туманидаги ўрганишлар эса, фермер хўжаликлари фаолияти билан боғлиқ ҳолда ўтди. Жумладан, «Қойип мойчи» фермер хўжалигида етиштирилган пахта ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиб олиш, теримчиларга зарур шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, депутат тумандаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ўқувчилар ва уларнинг таълим олиши учун яратилган имкониятлар ўрганилди ҳамда ёшларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Шу куни Нодира Рашидова Жузимбоғ қишлоғи аҳолиси билан учрашиб, ҳудуд аҳли билан суҳбатда юртимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришларнинг нафаси бу ерда ҳам сезилаётгани таъкидланди. Қишлоқ йўллари таъмирланиб, янги ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилаётганини қишлоқ аҳли фахр билан тилга олди.
Учрашувда фуқаролар ҳудудда ичимлик сувидан муаммо борлигини билдирди. Депутат Н.Рашидова ушбу келиб тушган мурожаат бўйича тегишли ташкилотлар билан музокаралар орқали ечим топиш йўлларини кўриб чиқишини билдирди.
Депутат шундан сўнг Қораўзак туманида бўлиб, туманда олиб борилаётган ишлар ва аҳоли турмуши билан танишди. Дастлаб у Бердақ овул фуқаролар йиғинида бўлиб, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олди. Маҳалла аҳолисининг яшаш шароитини кўздан кечириш мақсадида, ижтимоий ҳимояга муҳтож, аёл-қизлар дафтари ва темир дафтарга киритилган бир неча фуқаронинг хонадонида бўлиб, уларнинг муаммо ва фикрларини тинглади.



Шунингдек, тумандаги янги реконструкциядан чиққан 33-сонли умумтаълим мактабида бўлиб, эртанги кун эгалари бўлган ёшларга яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Шуни айтиб ўтишимиз керакки, депутатга бундан олдинги ташрифда билдирилган мурожаатдан кейин, бу мактабга сувни тозалаш ускунаси қурилган эди. Мактаб жамоаси ушбу мурожаатни ижобий ҳал этгани учун депутат Н.Рашидовага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги