Сидней саммитида космик соҳада ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгресси доирасидаги «IAC Hosts Summit»нинг 12-йиғилишида 60 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Йиғилишда космик соҳада йирик тадбирларни самарали ташкил этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Саммит дастури доирасида қатор муҳим сессиялар ташкил этилди. Жумладан, “Sponsorship: The Backbone of a Successful IAC” мавзусидаги панелда SWF, CNES, Azercosmos, SIAA ва AIDAA вакиллари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, йирик халқаро тадбирларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда самарали йўналишларини муҳокама қилди.

Шунингдек, “Ready to Take Off: Pitching Your IAC Vision for 2028” мавзусида Баҳрайн, Ҳиндистон ва Ўзбекистон делегациялари ўз таклиф ва концепциялари билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси номидан “O‘zbekkosmos” агентлиги тақдимот ўтказди. Агентлик директори ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов видео ва мультимедиали тақдимоти орқали 2028 йилдаги Халқаро астронаутика конгрессини Самарқанд шаҳрида ўтказиш концепциясини тақдим этди.

Тақдимотда Самарқанднинг тарихий-маданий мероси ва замонавий инфратузилмавий имкониятлари, мамлакатнинг космик соҳадаги устувор мақсад ва ташаббуслари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг йирик халқаро тадбирларни самарали ташкил этишдаги тажрибаси ҳақида сўз юритилиб, мамлакатнинг халқаро ҳамкорликка очиқлиги таъкидланди.

“Hosting the IAC as a Bridge for Unity” мавзусидаги халқаро панел сессиясида эса Туркия, Италия, Австралия, АҚШ ва Польша вакиллари иштирок этиб, IACнинг глобал ҳамжиҳатлик, фан ва инновацияларни ривожлантиришдаги аҳамияти юзасидан фикр алмашди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА