АТ Инвестиция форуми глобал ҳамкорликка йўл очди

Бугунги кунда ахборот технологиялари мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестиция муҳитини такомиллаштиришда муҳим омилга айланмоқда.
Бундай глобал жараёнлардан четда қолмаслик учун Ўзбекистон ҳам рақамли технологиялар соҳасини жадаллик билан ривожлантириш йўлида изчил ҳаракат қилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, “ICT Week Uzbekistan-2025” доирасида ўтган АТ Инвестиция форуми нафақат соҳанинг бугунги ҳолати, балки унинг эртаси ҳақида ҳам ўйлаш ва фикр алмашиш учун муҳим минбар бўлди.

Тадбир ҳукумат раҳбарлари, халқаро инвесторлар, молиявий институтлар ва технология соҳасидаги етакчиларни бир майдонга жамлаб, Ўзбекистонда АТ инвестицияларининг истиқболлари ва янги имкониятларини муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.

Форумда Ўзбекистон АТ соҳасида мавжуд инвестиция имкониятлари тақдим этилди. Мамлакатда инновацион стартаплар, IT Park резидентлари, дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари ва технологик лойиҳаларга сармоя киритишнинг афзалликлари алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, давлат томонидан соҳага берилаётган имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда Ўзбекистоннинг рақамли хизматлар экспортини кенгайтириш орқали минтақавий IТ-хаб сифатида шаклланиб бораётган истиқболлари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, халқаро компаниялар, молиявий институтлар ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масаласи ҳам муҳим мавзу бўлди. Иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш, трансмиллий компаниялар билан шерикликни ривожлантириш ва халқаро молия институтлари билан янги дастурларни амалга ошириш йўлларини кўриб чиқдилар.
Форумда барқарор рақамли инфратузилма ва “яшил” технологияларни ривожлантириш зарурлиги ҳам таъкидланди. Экологик хавфсиз маълумотлар марказлари барпо этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, энергия самарадорлиги юқори бўлган инфратузилма ечимларини жорий этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Яна бир асосий йўналиш сифатида инновация ва ҳамкорлик орқали янги бозорларни очиш масаласи муҳокама қилинди. Маҳаллий стартап экотизимининг имкониятлари, инновацион маҳсулот ва хизматларни хорижий бозорга олиб чиқиш механизмлари, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда рақамли иқтисодиётнинг янги сегментларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА