Фикирлар майдонида-таълим келажаги

99

Хўжайли тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимида белгиланган режа асосида соҳада амалга оширилаётган ишлар юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи К.Файзуллаева, туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бошлиғи С.Хурметуллаева, мактаб директорлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар таълим соҳасида қилинаётган ишлар бўйича маълумотлар билан бўлишиб, бир қанча ютуқлар ҳақида айтиб ўтди. Тадбирда таъкидланганидек, муҳтарам Президентимиз томонидан таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, келажак авлоднинг юртимизнинг муносиб фарзандлари бўлиб камол топиши учун барча шароитлар яратилиб, ўқитувчи-педагоглар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг замон талаблари асосида таълим бериши ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, 15 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувидаги мулоқоти чоғида педагоглар учун янги имтиёзлар жорий этилгани ўқитувчи-мураббийларга янада куч-ғайрат бағишлади.

Хўжайли туманида Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли 42 та мактаб ва 25 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, жами тумандаги 22 557 нафар ўқувчига 2296 нафардан ортиқ педагог-ўқитувчилар, 3-6 ёшдаги 9 710 нафар боладан 7 486 нафари (қамров 77,1%) тарбияланувчиларга 406 нафар педагог-тарбиячи таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги «2022-2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони асосида тумандаги 22 нафар ўқитувчи энг юқори иш ҳақи (1000 доллар) олиб келмоқда.

Бугунги кунда мактаблардаги 210 нафар чет тили фани ўқитувчиларидан В2 миллий сертификат олган 60 (28,6%), С1 (55,2%) миллий сертификати бўйича 176 (83,8%) ўқитувчи миллий ва халқаро даражадаги сертификатларга эга. Жорий йилги 2025 йили 1762 битирувчидан 465 ўқувчи олий таълим муассасаларига ўқишга киришга муваффақ бўлган бўлса (квота бўйича ҳам ўқувчилар олий ўқув юртларига қабул қилинмоқда), 2024-2025-ўқув йилида 1762 мактаб битирувчилари орасидан 18 «Олтин,» 8 битирувчи «Кумуш» медаллари билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги «Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директорлиги лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 августдаги «Давлат мактабгача таълим ташкилотлари директорлиги лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорлари асосида 10 нафар мактаб директори, 10 нафар ташкилот директори, 6 нафар номзод ва 6 нафар директорликка номзод менежерлик сертификатига эга бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги «Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган умумий ўрта таълим мактабларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида тумандаги мактабларда «Бекберген Сервис маркази» масъулияти чекланган жамияти томонидан 1-4 синф жами 8 867 нафар ўқувчиларига 1 октябрь санасидан бошлаб бепул таомнома асосида озиқ-овқат етказиб бериш режалаштирилмоқда.

2025-2025 ўқув йилида kelajak.uzedu.uz платформаси орқали мактабларда айрим тоифадаги оила фарзандлари (камбағаллик реэстрида турганлар) учун фан тўгараклари ташкил этилган. Шунингдек, туман ҳудудидан узоқ бўлган «Саричунгил» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 13-сонли мактаб ёнида 3-6 ёшли болаларни қамраб олиш мақсадида «Мобил гуруҳ» 90 млн сўм маблағ ҳисобидан ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

Тумандаги 3-, 6-, 10-, 14-, 32-сонли мактабларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жойлари (тикувчилик, заргарлик, ҳунармандчилик, гулчилик ва устачилик) ишга туширилган бўлиб, бу мактабларда ўқувчилар таълим олиш билан бирга касб сирларини ҳам ўрганиб келмоқда.

– Мактабимизда икки йилдан буён касбга йўналтириш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда устачилик, тикувчилик, IT ва робототехника бўйича ўқувчиларга билим ва ҳунар сирларини касб усталари ўқувчиларга ўргатиб келмоқда. Ўқувчиларимизнинг касб ўрганишга бўлган қизиқиши кучли бўлиб, улар яхши натижаларга эришмоқда. Хусусан, 11-синф ўқувчимиз Самандар Файзуллаев устачилик касбини мукаммал эгаллаб, ойига 3 ярим, тўрт миллион сўм  атрофида даромад топиб келмоқда. Ҳурматли Президентимиз томонидан таълим сифатини ошириш билан бирга ўқувчи ёшларнинг қўшимча касб сирларини ўрганиш бўйича қаратаётган эътибори асосида қўлида ҳунари бўлган ёшлар оиласига қўшимча даромад топиш билан бирга жамиятга ўз фойдасини келтирадиган инсонга айланиши шубҳасиз,-дейди тумандаги 14-сонли мактабнинг директори Наргиза Пиримбетова.

Бўлим томонидан амалга оширилаётган ишлар доирасида ўтказилган очиқ мулоқотда ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари, куз-қиш мавсумига мактабларнинг тайёрлиги, ўқувчиларга берилаётган бепул озиқ-овқатларнинг сифати, ўқитувчиларнинг ота-оналар кенгаши билан ишлаши, «Ташаббусли бюджет» бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва мактабгача таълим бўлимида амалга оширилаётган ишлар кенг кўламда муҳокама қилинди. Тадбирда иштирок этган оммавий ахборот воситалари вакиллари соҳа раҳбарларидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олди.

                                          Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги