Баркамол авлод фарзандлари – Миллат келажаги

106

Нукус шаҳридаги «Оққуш» мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 сентябрдаги «Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда «Келажак марказлари» фаолияти бўйича матбуот анжумани ва «Баркамол авлод болалари» номли республика фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг масъул раҳбарлари, ҳудудларда жойлашган Баркамол авлод болалар мактабларининг директорлари, ходимлари, иқтидорли ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Қ.Исмоилов Президентимизнинг 2025 йил 8 сентябрдаги «Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва ундан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида кенг тушунча берди.

Шундан сўнг анжуманда Республика Баркамол авлод болалар мактаби директори Д. Казакова Баркамол авлод болалар мактабларида сўнгги йилларда қилинган ишлар, қўлга киритилган ютуқлар ҳақида маъруза қилди.

Тадбирда журналистлар томонидан вазирлик раҳбарларига бугунги кунда жамоатчиликни қизиқтириб келаётган масалалар бўйича бир қанча саволлар берилиб, уларга тегишли жавоблар олинди.

Сўнгра «Баркамол авлод болалари» республика фестивалига навбат берилиб, унда ўтган ўқув йили давомида ўз йўналишлари бўйича фаоллик кўрсатган намунали ўқувчилар, мактаб ўқитувчилари ва директорлари ташкилотчилар томонидан махсус диплом, Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

– Хўжайли туманидаги 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқийман, – дейди фестиваль ғолибларидан бири Сабрина Мадаминова. – Дарсдан бўш вақтларимда Хўжайли туманидаги Баркамол авлод болалар мактабида ташкил этилган миллий ҳунармандчилик, корейс тили ва IT тўгарагига қатнайман. Мен бу фестивалда миллий каштачилик йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлдим. Ростини айтсам, ўзимнинг ғолиб бўлишимга унча ишонмаган эдим. Бироқ, ҳакамлар менинг каштачилик маҳсулотларимни ғолибликка лойиқ кўрибди, бунинг учун барча ҳакамлар ҳайъатига катта раҳмат айтаман. Келгусида устозларимнинг менга берган билимларини амалда қўллаб, юртимиз учун керакли малакали мутахассис бўлиб етишаман.

Тадбир Баркамол авлод болалар мактаблари тарбияланувчилари томонидан тайёрланган ранг-баранг концерт дастури билан жуда завқли давом этди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси