Қозоғистонда кадрлар алмашинуви рўй берди

92

Қозоғистонда кадрлар алмашинуви юз берди, деб ёзмоқда мамлакатнинг «Qazaqparat» матбуот хизмати.

Унга кўра, Мурат Нуртлеу ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилиб, Қозоғистон Республикаси Президентининг халқаро инвестициялар ва савдо ҳамкорлиги масалалари бўйича ёрдамчиси этиб тайинланди.

Эрмек Кушербаевга эса Қозоғистон ташқи ишлар вазири вазифаси юклатилди. У шу пайтгача бош вазир ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Қосим-Жомарт Тоқаевнинг фармони билан Эржан Қозихон Қозоғистоннинг Женевадаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги янги доимий вакили этиб тайинланган. Бунгача у Қозоғистон Республикаси Президентининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Шунингдек, манбада Эржан Ашикбаев Қозоғистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимидан, Зулфия Сулейменова Қозоғистон Республикаси Президентининг халқаро экологик ҳамкорлик бўйича махсус вакили лавозимидан, Канат Бисимбаюли Шарлапаэв Қозоғистон Республикаси Президентининг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси лавозимидан, Ернар Женисули Баспаэв Қозоғистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси лавозимидан, Тамара Басимбек қизи Дуйсенова Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси лавозимидан озод этилди.

Давлат раҳбарининг фармойиши билан Бакитжан Шаймухамедули Сапиэв Қозоғистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси этиб тайинланди, у аввалги эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, Алихан Қайиргелдиули Жамсатов Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси Давлат назорати бўлими бошлиғи лавозимига тайинланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги