Ўзбекистон-Россия: АЭС қурилиши бўйича ҳужжатлар имзоланди
Москва шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон атом ҳафталиги доирасида Ўзбекистон ва Россия давлатлари ўртасида иккита стратегик битимни имзолаш маросими ўтказилди.
“Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаевнинг қайд этишича, мазкур келишув «Росатом энергетика лойиҳалари» АЖ ва «АЭС қурилиши директорияси» DK ўртасидаги 2025 йил 20 июндаги битимга Ўзбекистон Республикасида интеграциялашган атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг асосий шартлари тўғрисидаги қўшимча ҳужжатдир.

У 3+ авлоддаги 2 та “ВВЭР-1000” реакторлари ва 2 та “РИТМ-200Н” реакторлари асосида кичик ва катта қувватли атом станцияларидан иборат интеграциялашган АЭС қурилиши лойиҳасининг конфигурациясини белгилашни кўзда тутади.
Иккинчи ҳужжат эса «Росатом энергетика лойиҳалари» АЖ ва «АЭС қурилиши директорияси» DK ўртасида Ўзбекистон Республикасида кичик қувватли атом электр станцияси ва катта қувватли атом электр станцияси учун ядро ёқилғисини етказиб бериш бўйича шартномаларнинг асосий шартлари тўғрисидаги битимдир.

Битим имзоловчилар ўртасида “РИТМ-200Н” ва “ВВЭР-1000” реактор қурилмалари учун ядро ёқилғиси, шунингдек, эҳтиёт қисмларни етказиб бериш бўйича асосий келишувларни мустаҳкамлайди.
Тадбир якунида “Ўзатом” агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев ОАВ вакилларига интервью берар экан, Жиззах вилоятида мисли кўрилмаган энергетика лойиҳасининг татбиқ этилишини қайд этди.

– Марказий Осиёда атом энергетикасини ривожлантиришда пешқадам сифатида нафақат минтақада биринчи станцияни қурамиз, балки биринчи бўлиб келажакнинг инновацион ечимини яратамиз. Бизнинг лойиҳамиз кичик модулли станцияларинг илғор технологиялари ва катта қувватли классик атом энергетикасининг вақт синовидан ўтган ечимлари бирикмасидир, – деди А.Аҳмедхўжаев.
Насиба Зиёдуллаева,
Муқимжон Қодиров (сурат),
ЎзА