Супер-контракт ўрнига янги тизим жорий этилди (+видео)

Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ўзбекистонда супер-контракт бутунлай бекор қилинди” деган хабарлар асл ҳақиқатга мос эмас.
2025 йил 13 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 578-сонли қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2017 йил 20 июнда тасдиқланган ва ҳозиргача амал қилиб келган 393-сонли қарор ўз кучини йўқотди.
Ушбу эскирган қарорга асосан, тестда 56,7 баллдан кам олган абитуриентлар супер-контракт асосида — яъни энг юқори тўлов-шартноманинг икки баробаригача тўлов қилиб — 1-ўқув йилида ўқишга қабул қилиниши мумкин эди. Энди бу тартиб бекор қилинди.
Янги қарорга мувофиқ, тўлов-контракт миқдори абитуриент танлов чегарасидан қанча кам балл тўплаганига қараб аниқланади. Яъни контракт нархлари қуйидаги тарзда табақалаштирилади:
1,05 баллгача етмай қолганлар – базавий контрактнинг 1,5 баробари
1,06 дан 2,05 баллгача – 2 баробар
2,06 дан 3,05 баллгача – 2,5 баробар
3,06 дан 4,05 баллгача – 3 баробар
Агар абитуриент танлов натижасидан 4,05 баллдан ортиқ етиша олмаган бўлса, унинг тўлов миқдори олий таълим муассасаси раҳбари томонидан белгиланади. Бу миқдор камида базавий контрактнинг 3 баробаридан кам бўлмаслиги керак.
Хулоса қилиб айтганда, супер-контракт тизими эски кўринишда бекор қилиниб, ўрнига балл натижаларига қараб аниқ белгиланувчи, босқичли янги тўлов тизими жорий этилди.
Фардона Яхшибоева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА