Васиятномани ўзгартириш мумкинми?

107

Амалдаги қонунчиликка кўра, мерос иши васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Мерос агар васият қилинган бўлса васиятнома бўйича, агар васият қилинмаган бўлса қонун бўйича белгиланади.

Мерос фуқароларнинг вафотидан кейин расмийлаштирилиб, очилган вақтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг вафотидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос мулки ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига мувофиқ, мерос қолдирувчининг фарзандлари, эри (хотини) ва ота-онаси тенг улушларда биринчи навбатдаги меросхўрлар ҳисобланади. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги меросхўрлар қаторига киради.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига кўра, фуқароларнинг ўлимидан кейин ўзига тегишли мол-мулкни ёки шу мол-мулкка бўлган ҳуқуқни мол-мулкка бўлган эгаликни белгилаш тўғрисидаги хоҳиши васият дейилади.

Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар жумласига кирувчи, шунингдек кирмайдиган бир ёки бир неча шахсларга, шу жумладан юридик шахсларга, давлат ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиб қолдириши мумкин. Бунда васиятноманинг ёзилган манзили, санаси ва зарур ҳолларда вақти кўрсатилган ҳолда, ёзма шаклда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Васиятнома васият қилувчи томонидан ёзилиши ёки унинг сўзларини нотариус ёзиб олган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда васиятноманинг матни имзолаш пайтида васиятнома эгасига тўлиқ таништирилиши керак. Васият қилувчи саводсизлиги ёки касаллиги сабабли васиятномани имзолай олмаса Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги қонунининг 34-моддасига мувофиқ, васият қилувчининг топшириғи билан ўзи ва нотариус иштирокида сабаблар кўрсатилган ҳолда васиятномани бошқа шахс (холис вакил) имзолаши мумкин.

Бугунги кунда қонунчилигимизга киритилган янги қўшимча ва ўзгартиришларда васиятнома аудио ва видео ёзувларга ёзиб олиниши шарт бўлди. Васиятномани тасдиқлаш чоғида васият қилувчи мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этиши талаб қилинмайди.

Нотариус васиятномани тасдиқлаш чоғида васият қилувчига васиятномани ўзи хоҳлаган вақтда бекор қилиши, ўзгартириши мумкинлиги, васиятнома кимнинг номига ёзилганидан қатъи назар, меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, яъни мерос қолдирувчининг вояга етмаган фарзандлари ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари ҳақида тушунтирилади. Бу ҳақда васиятноманинг ўзида ҳам кўрсатиб ўтилади.

Васият қилувчи фуқаро Ўзбекистон Республикаси «Нотариат тўғрисида»ги қонунининг 16-моддасига мувофиқ, васиятномани ўзгартириш ва бекор қилиш учун ўзи хоҳлаган вақтда нотариусга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги