Институт фаолияти бўйича матбуот анжумани ўтказилди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2025-2026-ўқув йили учун қабул жараёнининг якунлари ва янги ўқув йилида амалга ошириладиган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда янги ўқув йилига қабул жараёнининг якунлари, давлат дастурларида муассасага берилган топшириқлар, илмий-педагогик, инновацион ҳамда ўқув-тарбиявий йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар, истиқболдаги режалар ҳақида кенг маълумот берилди.
– 2025-2026 ўқув йили учун институтда жами 26 та кундузги бакалавриат таълим йўналиши учун 1 минг 660, 13 та кечки бакалавриат таълим йўналиши учун 360, шунингдек, 24 та магистратура мутахассислиги учун 171 ўрин ажратилди, – дейди институт ректори Алишер Уббиев. – Бугунги кунда институтда бакалавриатнинг кундузги, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклларида жами 13 мингга яқин талаба, магистратура мутахассисликларида 400 дан ортиқ магистрант таҳсил олмоқда.
Институтда 2025 йилда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар сони 560 нафардан зиёд бўлиб, янги ўқув йилида илмий-инновацион йўналишдаги ишларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил якунига қадар илмий даража кўрсаткичини 43,5 фоиздан 50 фоизга етказиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириб бориш, халқаро ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш, илмий-инновацион ишларни халқаро грантлар ва жамғармалар ҳисобидан молиялаштириш учун аниқ мақсадлар белгиланган. Бугунги кунда институтимизни юртимиздаги энг нуфузли ОТМлардан бирига айлантириш, халқаро рейтингларга олиб кириш борасида жамоамиз билан бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим соҳасида узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш, шунингдек, халқаро тажриба асосида ўқув дастурларини модернизация қилиш мақсадида қабул қилинган «Педагог кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида республикадаги 13 та педагогика олий таълим муассасаси, шу жумладан, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳам Мактабгача ва мактаб таълими тизимига ўтказилди.
Шу сабабли ташкил этилган институтнинг янги тузилмасига кўра, факультетлар ва кафедралар мақбуллаштирилиб, 7 та факультет ва улар таркибидаги 26 та кафедра қайта ташкил этилди. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик бўйича проректор лавозимини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Фармонга мувофиқ, институтда ўқув режа ва ўқув дастурлари Миллий малака рамкаси, таълимнинг халқаро стандарт классификатори (МСКО-2011) ва халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS, TALIS) талаблари асосида ишлаб чиқилиб, 2 ва 3-курс бакалавр таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликларининг ўқув режа ва дастурлари «TOP-300″лик рейтингдаги хорижий олий таълим муассасалари режаларига мос қилиб ишлаб чиқилди. Улар орасида Л.Н.Гумилёв номидаги Евросиё миллий университети, Россия Федерациясининг Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Туркиянинг Яқин Шарқ техника университети ҳамда Австралиянинг Сидней университети бор.
Шунингдек, тадбир давомида талабаларнинг амалиёт жараёни, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.


Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш ва илм-фан ўртасидаги интеграцияни ривожлантириш масаласига доимий равишда эътибор қаратади. Шу мақсадда институтда биология, кимё ва физика таълим йўналишлари бўйича ўқув лабораториялари, технологик таълим йўналиши бўйича ўқув-устахоналар фаолият юритмоқда.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга институт масъул ходимларидан жавоб олди. Шунингдек, янги ўқув йили давомида амалга ошириладиган ишларни кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказиб бериш борасида ҳамкорликни янада такомиллаштириш бўйича фикр-таклифларини билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги