Мусиқа мактаби иккинчи уйига айланган устоз

Сўнгги йилларда халқ хўжалигининг барча соҳалари каби, республикамизда маданият ва санъат соҳасида ҳам улкан ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида болалар мусиқа ва санъат мактаблари қад ростлаб, уларда келажагимиз бўлган ёш авлодларга ўзлари қизиққан санъат турлари бўйича замон талабларига мос таълим-тарбия бериб келинмоқда.
Бўзатов туманида жойлашган 20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳам шундай ўқув масканларидан бири бўлиб, бугунги кунда 223 нафар ўқувчи эстрада, халқ куйлари, бахшичилик, хореография, тасвирий санъат, амалий санъат, фортепиано ва театр йўналишлари бўйича ўз устозларидан таълим олмоқда. Мактаб сўнгги йилларда билимли ва изланувчан кадрлар билан тўлиб бормоқда. Шундай ёшлардан бири Улдаўлет Сарсенбоевадир.
Йигирманчи асрнинг сўнгги йилида Кегейли туманининг Абат овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Омир кенегес» қишлоғида дунёга келган Улдаўлет бадиий адабиёт ва санъатга жуда қизиқиб ўсди. Бунга албатта, у туғилиб, вояга етган оиладаги муҳит сабабчи бўлса керак.
– Отам Ансат Жуматов ва онам Қалбийка Узақбергановалар ҳам маданият соҳаси ходимлари, – дейди Улдаўлет ундан оиласи ҳақида сўраганимизда. – Иккови ҳам Нукус шаҳридаги собиқ Қ. Айимбетов номидаги маданият ва маърифат техникумида таҳсил олган. Онам ҳозир Кегейли туманидаги маданият бўлимида ишлайди. Ўзининг фидокорона хизмати туфайли «Қорақалпоғистонга хизмат кўрсатган артист» фахрий унвонига сазовор бўлган. Икки қиз опам Миясар ва Дилбар ҳам бахши. Уларнинг каттаси Нукус ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактабида, ундан кичиги Кегейли туманидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Мана шу муҳитнинг таъсири бўлса керак, мен ҳам кичкиналигимдан мўйноқ дутор чалиб, мактабларда ўтказиладиган ҳар хил байрамларда қўшиқ айта бошладим. Ўша йиллари туманда мактаб ўқувчилари орасида ўтказиладиган турли танловларда қатнашиб, совринли ўринларни эгаллашга муваффақ бўлдим. Бу эса, менинг санъатга бўлган қизиқишимни янада ошириб, олдинга интила бошладим.
Дарҳақиқат, Улдаўлетдаги табиий истеъдод ва қизиқиш уни янги мақсадлар сари етаклай бошлади ва ўрта мактабни тугатгандан сўнг Нукус ихтисослаштирилган маданият ва санъат мактабига ҳужжат топширди. Мактаб имтиҳонларидан қоқилмай ўтган у, бу ерда миллий бахшичилик санъати бўйича Ўзбекистон халқ бахшиси Ғайратдин Ўтемуратов қўлида, бахшичилик санъатининг турли сирларини ўрганди. Халқимизнинг севимли достонлари бўлган «Ғариб-ошиқ,» «Саятхан-Ҳамро,» «Қирмандали» ва «Даўлетёрбек»ни ёд олиб, катта саҳналарда ижро эта бошлади.

– Шогирдим Улдаўлет Сарсенбаевадан умидим катта, – дейди унинг устози Ўзбекистон халқ бахшиси Ғайратдин Ўтемуратов. Шогирдимнинг бундан ҳам бошқа достонларни тўлиқ ижро этиб чиқиб, халқимизнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлишига тилакдошман.
Дарҳақиқат, Улдаўлет жуда меҳнаткаш ва изланувчан ижодкор. У доимо ўз устида изланиб, меҳнат қилади. Ёш бахшининг қилаётган ижодий ишлари доимо халқ назарида. Хусусан, Улзада Сарсенбаева 2023 йилда ёшлар ўртасида ўтказилган «Янги Ўзбекистон юлдузлари» танловида «Йилнинг энг яхши ёш бахшиси» номинациясини қўлга киритган бўлса, 2025 йилда «Bo‘zatov FEST» ёшлар фестивалида бахшичилик йўналиши бўйича биринчи ўрин соҳибига айланди ва жорий йилнинг 30 июнь санасида Ёшлар куни муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан «Умид учқуни» кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, у жорий йилда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтини муваффақиятли тамомлашга эришди.

Умуман айтганда, бу йил Улдаўлет Сарсенбаева учун жуда омадли келди, десак бўлади. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларнинг бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Фармони асосида, «Шуҳрат» медали билан тақдирланиши, унга ўзгача қувонч ва куч-ғайрат бағишлади.
– Менинг оз-моз қилган хизматимни инобатга олиб, давлатимизнинг энг юксак мукофотларидан бири билан тақдирлаши мени чексиз қувончга тўлдиради, – дейди Улдаўлет. Келгусида ўзимга билдирилган бу ишончни тўла оқлаб, шогирдларимни она Ватанимизни севадиган, чуқур билимга эга инсонлар этиб тарбиялашга бор куч-ғайратимни сафарбар этаман.
Биз сўз юритган Улдаўлет Сарсенбаева бугунги кунда умр йўлдоши Ахмет Бердахов билан биргаликда, Абдиқадир ва Абдираҳман исмли фарзандларни тарбиялаб вояга етказмоқда. 20-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби эса унинг иккинчи уйига айланган.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси