Паррандачилик – барқарор даромад манбаи

103

Бугун юртимизда қишлоқ хўжалигининг энг сердаромад ва истиқболли йўналишларидан бири сифатида паррандачилик тобора кенг ривожланмоқда. Айниқса, маҳаллаларда хотин-қизлар фаолларининг ташаббуси натижасида бу соҳа нафақат оила даромадини ошириш, балки ижтимоий бандликни таъминлашнинг ҳам самарали воситасига айланмоқда.

Оқ олтин қишлоғида ҳам паррандачиликни ривожлантириш борасида эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Амударё тумани хотин-қизлар фаоли Моҳира Ёқубова ташаббуси билан ўзига хос эзгу амалиётга асос солинди. У миграциядан қайтган 3 нафар хотин-қизга паррандачиликни йўлга қўйишда яқиндан ёрдам бериб, уларга бошланғич шароитлар яратиб берди. Натижада, бу хотин-қизлар оиласи билан биргаликда янги даромад манбаига эга бўлиш билан бир қаторда, ўз меҳнати орқали эркин ҳаёт йўлини танлаш имкониятига эришди.

Бу нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки миграциядан қайтган хотин-қизларнинг уйда бандлиги таъминланиши, оилавий муҳит барқарорлиги ва маҳалла ҳаётида фаол иштирок этиши жамиятимизда барқарорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

                                                                        Қорақалпоғистон ахборот агентлиги