Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги таъкидланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 80-сессиясининг умумий мунозараларида нутқ сўзлади.
–Глобал ва минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш ҳақида гапирганда, албатта Афғонистон тўғрисида тўхталмаслик мумкин эмас.
Афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу давлатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ўта муҳимдир.
Биз Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз. Ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича Ташкилотимизнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз, – деди Президентимиз.
Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмаслиги қайд этилди. Президентимиз ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирди. Ўзбекистон БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдори экани таъкидланди.
–Украина атрофидаги вазият ҳам барчамизни жиддий ташвишга солмоқда. Бу муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаймиз,– деди Президентимиз.
ЎзА