Президент Шавкат Мирзиёев: «Янги Ўзбекистон»дан глобал ташаббуслар сари

88

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида иштирок этиши мамлакатнинг янгиланган ташқи сиёсатининг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланди.

Нью-Йоркдаги 80-юбилей сессия арафасида Тошкент Марказий Осиёда иқлим, ёшлар ва ижтимоий ҳимоя каби муҳим масалаларни яна глобал кун тартибига олиб чиқмоқда. Бу орқали мамлакат масъулиятли ва аниқ натижаларга йўналтирилган халқаро ҳамкорлик йўлида қатъийлигини яна бир бор тасдиқламоқда.

Ўзбекистон етакчиси БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан сўзлаган илк нутқида мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатидаги туб ўзгаришларни кўрсатиб ўтди. 2017 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган БМТнинг 72-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев дунёга чуқур ислоҳотлар, демократия жараёнларини фаоллаштириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга йўналтирилган «Янги Ўзбекистон» дастурини тақдим этиб, тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш мақсадида қатор йирик халқаро ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ягона ҳужжат сифатида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлат раҳбарларининг минтақада хавфсизлик ва ривожланиш масалалари бўйича мунтазам маслаҳат учрашувларини ўтказиш ғояси илгари сурилди. Бунда Орол масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент халқаро ҳамжамиятни минтақани тиклаш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясига «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини кўриб чиқиш учун тақдим этди. Ҳужжат асосий мақсади жаҳолат ва экстремизмга қарши курашиш, таълим олиш учун кенг имкониятлар яратиш, муросасизликни бартараф этиш ва эътиқод эркинлигини ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу ташаббуслар Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги янги қиёфасини кўрсатиб, мамлакатнинг миллий ислоҳотларни глобал ғояларга айлантиришга интилишини намоён этди.

Ўзбекистон ташаббуслари амалга ошмоқда (2018 йил)

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари 2018 йилнинг ўзидаёқ ҳаётга татбиқ этилди. Март ойида Тошкентда афғон масаласини тинч йўл билан ҳал этиш мақсадида БМТ шафелигида Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференция ўтказилди. Ёзда эса БМТ Бош Ассамблеяси «Марказий Осиёда минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясини бир овоздан қабул қилди. Мазкур ҳужжатда минтақа мамлакатлари ўртасидаги янги ҳамкорлик моделлари мустаҳкамланди. Ноябрь ойида Оролбўйи аҳолисига ёрдам кўрсатиш мақсадида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фонди ташкил этилди. 12 декабрь куни эса БМТ Ўзбекистон томонидан таклиф этилган «Маърифат ва диний бағрикенглик» тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. 50 га яқин давлат ҳаммуаллифлигида яратилган мазкур ҳужжат барча учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва эътиқод вакилларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича конвенция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ушбу ҳужжат 2020 йилнинг август ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумида муҳокама қилинди.

75-юбилей сессия: пандемия шароитидаги янги ташаббуслар

2020 йил сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг сессияси илк бор онлайн шаклда ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида нутқ сўзлаб, COVID-19 даврида глобал бирдамликка чақирди ҳамда БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодекс қабул қилишни таклиф этди. Давлатимиз раҳбари камбағаллик ва ижтимоий тенгсизлик муаммоларига ҳам эътибор қаратиб, камбағалликни бартараф этишни БМТ сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида эълон қилиш ва Камбағаликка қарши курашиш бўйича глобал саммит ўтказиш таклифини илгари сурди. Ўшанда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида махсус резолюция қабул қилиш таклифи ҳам билдирилганди. 2022 йил 14 декабрь куни 80 га яқин давлат ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган тегишли резолюция қабул қилинди.

Экология соҳасида Президент Шавкат Мирзиёев Оролбўйини «экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» деб эълон қилиш ва экотизимларни ҳимоя қилиш учун махсус сана белгилашни таклиф этди. 2021 йил май ойида Оролбўйи расман экологик инновациялар ҳудуди сифатида эътироф этилди. Шундай қилиб, 75-юбилей сессияда илгари сурилган қатор ғоялар (пандемия кодекси, парламентлар ролини кучайтириш, камбағалликка қарши кураш, Оролбўйи мақоми) БМТнинг расмий ҳужжатлари ва халқаро ҳамкорлик дастурларида акс этди.

76-сессия ғоялари: минтақавий боғлиқлик ва экология

БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган 76-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев минтақавий интеграция ва барқарор ривожланиш йўлини давом эттириб, БМТ пандемияга қарши курашишда ёрдам кўрсатаётганини қайд этди ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқилган «Пандемиялар ихтиёрий мажбуриятлар кодекси» БМТ доирасида ҳам расмий ҳужжат сифатида татбиқ этилганини ёдга олди. Давлатимиз раҳбари минтақавий алоқалар барқарорлигига яна бир бор алоҳида этибор қаратиб, инфратузилмавий лойиҳаларни ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида БМТ қошида Марказий Осиёда транспорт-коммуникацион ўзаро боғлиқликни ривожлантириш бўйича минтақавий марказ  ташкил этишни таклиф этди. Бу ғоя 2022 йилда Бош Ассамблея томонидан бир овоздан қабул қилинган  «Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш» резолюцияси билан уйғундир. Ўзбекистон томонидан Тошкентдаги конференцияда илгари сурилган ҳужжат минтақаларни бирлаштиришда транспорт йўлаклари ва Афғонистон муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.

Экология соҳасида ҳам ишлар давом эттирилди. Ўша пайтларда Оролбўйи бўйича траст жамғармаси ўз фаолиятини бошлаган ва «инновация ҳудуди» бўйича резолюция ишлаб чиқилаётган эди. Тошкентда эса ЮНЕСКО ҳамкорлигида «Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» маданият форуми бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Ўзбекистон 2021 йилнинг ноябрида терроризмга қарши кураш бўйича минтақавий ҳамкорлик режаси юзасидан халқаро конференцияни ўтказишган тайёргарлик кўраётган эди.

78-сессияда фаол позиция: иқлим ва ёшлар мавзуси

БМТ Бош Ассамблеясининг 2023 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 78-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев давлатлар умумий манфаатларини мавжуд зиддиятлардан юқори қўйиши кераклигини таъкидлаб, 2022 йилдаги Самарқанд бирдамлик ташаббусини ёдга олди. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида барқарор ривожланиш, инсон ҳуқуқлари ва минтақавий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Президент Ўзбекистондаги янги конституциявий ва иқтисодий ислоҳотлар, ЯИМ ўсиши ва камбағаллик даражасининг пасайгани ҳақида маълумот берди. Ёшлар ва Марказий Осиёнинг гендер сиёсати масалаларига алоҳида урғу берилди. Президент Марказий Осиё аҳолисининг қарийб ярмини ёшлар ташкил этишини таъкидлаб, БМТ қошида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳини ташкил этиш ва «Марказий Осиё ёшлар кун тартиби-2030» дастурини йўлга қўйишни таклиф этди. Ушбу қадам таълим ва ёшларни иш билан таъминлаш соҳасидаги халқаро лойиҳаларни мувофиқлаштиришга хизмат қилди. Етакчи аёлларни қўллаб-қувватлаш доирасида Ўзбекистон 2024 йилда «БМТ – аёллар» етакчи аёллар Осиё форумини ўтказиш таклифини илгари сурди.

Иқлим масаласи яна кун тартибига чиқди. Президент Шавкат Мирзиёев тропик циклонлар сони ортгани, Марказий Осиёда ҳарорат кўтарилаётгани ва дарёлар оқими камайгани тўғрисида маълумотлар келтириб, БМТнинг Иқлим бўйича конгресси ва халқаро ҳамжамиятни мослашиш бўйича чораларини кучайтиришга чақирди. Ўзбекистон етакчиси «Марказий Осиё иқлим мулоқоти» ни йўлга қўйиш ва «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик» махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди. Буларнинг барчаси БМТ томонидан сув ресурслари бўйича махсус вакил лавозимини жорий этиш ва Минтақада сув тежовчи технологиялар платформасини яратиш бўйича қабул қилинган чораларни тўлдирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Афғонистон масаласини ҳам эътиборсиз қолдирмади. Шавкат Мирзиёев мамлакатни яккаламасдан, БМТ орқали саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва Афғонистоннинг музлатилган маблағларини аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтиришни таклиф қилди. Давлатимиз раҳбари диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ташаббусларини ҳам илгари сурди, хусусан, ЮНЕСКО кўмагида Ўзбекистонда Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш ҳамда 2024 йилда «Ислом – тинчлик дини» мавзусида халқаро конференция ўтказиш таклифини билдирди.

2023 йилги нутқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг глобал кун тартибининг конструктив етакчиси сифатидаги нуфузини мустаҳкамлади. БМТда барқарор ривожланиш ва ҳамжиҳатлик билан боғлиқ масалага юқори баҳо берилиб, барпо этилаётган «Янги Ўзбекистон» ислоҳотлар ва масъулият борасида намуна сифатида эътироф этилди.

80-юбилей сессиядаги иштирок – ҳамкорликнинг янги босқичи

Жорий йил сентябрь ойида БМТ ўзининг 80 йиллигини нишонлайди. Ташкилотнинг юбилей сессиясида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам нутқ сўзлаши кутилмоқда. Глобал хавфсизлик, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, БМТ ва халқаро молиявий архитектурани ислоҳ қилиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш каби масалалар муҳокама марказида бўлади. Саммит доирасида Президент БМТ Бош котиби, хорижий давлатлар етакчилари ва молиявий институтлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши, хорижий компаниялар билан қатор келишувлар ва шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Президент нутқида Марказий Осиёда иқлим таҳдидлари, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, БМТ билан ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳамкорлик қилиш, эришилган ютуқлар ва 2030 йилгача бўлган режаларга урғу берилади.

Хулоса қилиб айтганда, 2016-2025 йилларда Ўзбекистон БМТ доирасида фаол ва кучли ўйинчига айланди. Президент ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг қатор резолюциялари, шу жумладан, «Маърифат ва диний бағрикенглик» (2018), Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Оролбўйини инновация ҳудуди деб эълон қилиш (2021), Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар иштирокининг аҳамиятини эътироф этиш билан боғлиқ резолюциялари қабул қилинди. Бу ҳужжатлар таълим, бағрикенглик, минтақавий интеграция ва экологик инқирозга қарши кураш каби масалаларни қамраб олди. Ҳар бир ҳужжатда Тошкентнинг тинчлик, тараққиёт ва масъулиятли халқаро ҳамкорликка бўлган интилиши акс этган. Бугун Ўзбекистоннинг овози БМТ минбаридан баралла жарангламоқда. Мамлакатимиз «Янги Ўзбекистон»ни барпо этиб, маърифат, бағрикенглик ва барқарор тараққиёт тамойиллари асосида «Янги дунё»ни яратишга ҳисса қўшмоқда.

Абдуазиз Ҳидиров, ЎзА шарҳловчиси