Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеяси минбаридан бешинчи бор нутқ сўзлайди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Нью Йоркда БМТ Бош ассамблеяси 80-сессиясида иштирок этади.
“Биргаликда яхшироқ: тинчлик, тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари учун 80 йил ва янада кўпроқ” шиори остида ўтадиган юбилей анжумани доирасида жаҳон етакчилари глобал муаммолар шароитида муайян позиция ва устувор йўналишлар акс этган баёнотлар билан чиқиш қилади.
Анъанавий умумий мунозара 23-27 ва 29 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг чиқиши 23 сентябрга белгиланган. Ўзбекистон етакчиси БМТ Бош ассамблеяси сессияларида мунтазам равишда нутқ сўзлайди. Президентимизнинг 72-, 75-, 76- ва 78-сессиялардаги нутқлари минтақавий хавфсизлик, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган муҳим сиёсий баёнотларга айланган.
2018-2025 йиллар оралиғида мамлакатимиз Бош Ассамблеянинг 13 та резолюцияси ташаббускори сифатида майдонга чиқди:
– Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш (2018 йил);
– Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технология ҳудуди, деб эълон қилиш (2021);
– Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш (2022);
– Ўрмонларни ўстириш ва қайта тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги (2025).
ЎзА