Қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда

98

Тахиатош туманида тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий сектор фаолиятини янада такомиллаштириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида қурилиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари учун замонавий ва барқарор инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун махсус саноат зоналари ташкил этилиб, уларда янги ишлаб чиқариш бинолари, савдо мажмуалари ва хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда.

Бугунги кунда Тахиатош туманидаги бунёдкорлик ишлари нафақат иқтисодий ўсишни таъминлаш, балки хусусий сектор орқали аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш ва ҳудудни ижобий инвестициявий муҳитга айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Шулардан бири «Тозабай Строй» МЧЖ бўлиб, тадбиркор томонидан туман марказидан йирик савдо марказининг қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

– Янги марказ умумий майдони 2433 квадрат метр ҳудудда жойлашади. Унда якка тартибдаги савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат бўлимлари, умумий овқатланиш жойлари (кафе ва ошхоналар), шунингдек, болалар ва оилалар учун дам олиш масканлари фаолият юритиши режалаштирилган. Савдо марказини тўлиқ замонавий архитектурада, хавфсизлик ва қулайлик талабларига жавоб берадиган тарзда барпо этишни режалаштирганмиз. Барча павильонлар электр, сув, канализация ва интернет тармоқларига уланади, – дейди «Тозабай строй» МЧЖ раҳбари Тозабай Казаков.

Шунингдек, халқимизни сифатли уй-жой билан таъминлаш, улар учун замонавий, барча қулайликларга эга уй-жойларни барпо этиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Тумандаги «Тахиатош» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кўп қаватли турар жой қурилиши бошланиб, у ерда 5 қаватли 45 хонадонли янги турар жой биноси қуриб битказилиши кўзда тутилган. Айни пайтда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги