Филиалдаги янгиланиш ва ўзгаришлар билан танишди

107

Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиалида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда мазкур филиал директори Мелс Қутлимуратов томонидан филиалда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалари ҳақида кенг маълумот берилди.

Таъкидланганидек, филиал томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш давлат дастурини бажариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

-Филиалда жами 135 ўрин бўлиб, шундан 40 ўринли «Юрак аритмияси ва ишемик касалликлар» бўлими, 25 ўринли «Артериал гипертония» бўлими, 30 ўринли «Миокард инфаркти ва шошилинч кардиология» бўлими, хўжалик ҳисобидаги 40 ўринли Реабилитация ва Рентген-эндоваскуляр жарроҳлик бўлимлари мавжуд, – дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали директори Мэлс Қутлимуратов. Беморларга 1 нафар тиббиёт фанлари номзоди, 2 нафар «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган шифокор,» олий ва биринчи даражали тоифаларга эга 34 нафар шифокор хизмат кўрсатиб келмоқда.

Филиалда 2020 йилдан бошлаб аҳолига юқори технологик диагностика ва даволаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, 2023 йилда 544 та юқори технологик операциялар амалга оширилган бўлса, шундан 234 та операцияда стенд қўйилди. 2024 йилда эса, 457 та операция амалга оширилиб, шундан 194 нафар беморга стенд қўйилди. 2025 йилнинг ўтган 9 ойида эса 281 жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, шундан 135 нафар беморда стенд қўйиш йўли билан юқори технологик операциялар амалга оширилган.

Анжуманда журналистлар филиалда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, бугунги кунда кенг жамоатчиликни қизиқтириб келаётган масалаларга масъуллардан тегишли жавоб олди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси