Ўзбекистонда МЧЖлар сони ортмоқда

Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида масъулияти чекланган жамиятлар (МЧЖ) етакчи ташкилий-ҳуқуқий шакл бўлиб қолмоқда.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига республикамизда жами 399 минг 597 та тижорат корхонаси фаолият юритмоқда. Шундан 310 минг 307 таси МЧЖ бўлиб, бу умумий корхоналар сонининг 77,7 фоизини ташкил этади.
МЧЖлар сони сўнгги ойлар давомида мунтазам ўсиб бормоқда. 2025 йил 1 май ҳолатида уларнинг сони 292 минг 885 та, 1 августда эса 306 минг 227 та бўлган. Атиги тўрт ой ичида бу кўрсаткич 17 мингдан ортиқ корхонага кўпайди. Бундай барқарор ўсиш мамлакатда тадбиркорлик фаолияти учун яратилаётган шарт-шароитлар тобора қулайлашаётганидан далолат беради.
Тижорат корхоналарининг ташкилий-ҳуқуқий шаклларига қараганда, МЧЖлар мутлақ етакчиликни сақлаб қолмоқда. Таққослаш учун:
Хусусий корхоналар – 48 002 та (12,0 %)
Оилавий корхоналар – 37 434 та (9,4 %)
Акциядорлик жамиятлари – 627 та (0,1 %)
Бошқа шакллар – 3 227 та (0,8 %)
Бу МЧЖ шакли кўплаб тадбиркорлар учун энг қулай, мослашувчан ва ҳуқуқий жиҳатдан мақбул йўл эканини кўрсатади.
Ҳамроз Баянов, ЎзА