Акцияда ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Ногиронлар жамиятининг Қорақалпоғистон бўлими томонидан пойтахтимизда мамлакатимиз бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган «Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига ҳуқуқий ёрдам» акцияси ўтказилди.
Акция доирасида ногиронлиги бўлган болалар ўртасида «Инсон қадри давлат ҳимоясида» мавзусида рангли расмлар танлови, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик буюмлари ярмаркаси ташкил этилди.

Шунингдек, акция давомида Нукус шаҳри Гулзор МФЙда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сектори бош маслаҳатчиси Т.Махаматдинов ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи И.Рузимбаевлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами учун сайёр қабул ўтказилди.
– Сайёр қабулда 20 нафарга яқин фуқаролар иштирок этиб, 5 нафар фуқаронинг мурожаати вазирлик томонидан ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди, – дейди мазкур вазирликнинг ҳуқуқий ахборот сектори раҳбари Нурия Бердиниязова.
«Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига ҳуқуқий ёрдам» акцияси ҳозирги кунларда бутун республикамиз бўйлаб давом эттирилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги