Меваларни экспорт қилишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўллари

Нукус шаҳрида Швейцария ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган Иқтисодий масалалар бўйича Давлат котибияти (SECO) ва Халқаро савдо марказининг (ITC) «Шарқда савдони ривожлантириш: Болқон мамлакатлари ва Марказий Осиё» лойиҳаси доирасида «Қуритилган меваларни экспорт қилишда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш» мавзусида илмий-амалий семинар-тренинг ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутахассислари, экспорт билан шуғулланаётган тадбиркорлар, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг илмий салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилари ва иқтидорли талабалари иштирок этди.
Семинар-тренингни Халқаро Савдо Марказининг миллий маслаҳатчиси, Тошкент давлат аграр университети профессори А.Азизов олиб борди. У ўз маърузасида халқаро тажрибага асосланган замонавий технологик ёндашувлар, маҳсулотларни экспортга тайёрлашдаги муҳим босқичлар ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор амалий тавсиялар берди.
– Қуритилган меваларни экспорт қилиш жараёнида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари, уларни халқаро стандартларга мувофиқ қайта ишлаш, сифат назорати ва сертификатлаш жуда муҳим, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошлиғи ўринбосари Илҳом Алламбергенов. – Умуман олганда, ушбу семинар нафақат илмий-амалий тажриба алмашиш майдони, балки келгусида экспортбоп маҳсулотларни етиштириш, қайта ишлаш ва халқаро талаблар асосида бозорга чиқариш йўлида муҳим босқич бўлиб хизмат қилади. Семинарда Global GAP, ECO ва бошқа халқаро сертификатларнинг аҳамияти ҳақида берилган маълумотлар тадбиркорларимиз учун айниқса фойдали бўлди. Бундай сертификатлар маҳсулотларимизнинг хорижий бозорлар талабига мос тайёрланиши, экспорт географияси кенгайиши ва халқаро рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Ўтказилган мазкур тадбир иштирокчиларнинг нафақат назарий билимларини ошириш, балки амалий тажрибани бойитиш, янги экспорт бозорларига чиқиш имкониятлари ва глобал савдо талабларига мослашиш йўлларини чуқур ўрганиш имконини яратди.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, ушбу лойиҳа Албания, Сербия, Тожикистон ва Ўзбекистон билан бир қаторда Марказий Осиёдаги давлатларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини, хусусан, қуритилган меваларни ишлаб чиқариш ва экспортни халқаро талаблар даражасида ривожлантиришни мақсад қилган.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги