Санъат тарихининг ноёб намунаси

Қизлар ва келинлар кийган анъанавий оёқ кийими, моҳир халқ усталари – этикдўзлар томонидан яратилган, ноёб асар – зарли кавуш И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи фондида сақланиб келинмоқда.
Ушбу экспонат 1982 йилда Қонликўл туманида яшовчи Холжон Марҳабоева томонидан музейга топширилган. Кавушлар бузоқ терисини махсус тарзда қайта ишлаш орқали тайёрланган: юмшоқ бўлиши учун уни бир неча кун қатиққа ботириб қўйилган, деган маълумотлар бор. Тажрибали усталар ёғоч қолипда қўл меҳнати билан ҳар бир буюртмачи учун махсус тайёрланган. Кавушга нозик безаклар билан сайқал беришда ингичка кумуш сим ва металл нақш ўймакорлиги усуллари қўлланилган. Ўсимликсимон нақшлар бутун устки ва орқа қисмини қоплаб, уни оддий гардероб буюмидан чинакам декоратив-амалий санъат асарига айлантирган.
Қорақалпоқ этикдўзларининг маҳорати, нозик диди ва қобилиятининг рамзи бўлган бундай пойабзаллар халқ орасида «зарли кавуш» деб номланган.
Бу яхши сақланган бир жуфт кавуш музейнинг оддий экспонати эмас, балки қорақалпоқ халқининг бой санъати ва эстетик дидидан далолат берувчи ноёб меросдир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги