Ўзбекистон дунё учун ибрат бўладиган етакчиликни намоён этмоқда

74

Наманган шаҳрида 17 сентабрь куни “Камбағалликдан фаровонлик сари” III халқаро форуми бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда 30 дан ортиқ нуфузли ташкилот ва 200 га яқин халқаро экспертлар иштирок этди.

Покистоннинг «Жамиа Дарул Улоом Карачи» мадрасаси вице-президенти Муҳаммад Зубаир Усмони форум доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга баҳо берди:

– Наманганда бўлиб ўтган конференциянинг асосий мақсади – юртда камбағалликни қисқартириш бўлиб, бу ниҳоятда долзарбдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур конференциядаги нутқида одамларга яхши яшаш учун қулай шароит, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилаб берилди. Шунингдек, таълим ва касб-ҳунар тизимини ривожлантириш ва бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтилиш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон нафақат мамлакат миқёсида камбағалликни камайтириш йўлида қатъий чоралар кўрмоқда, балки бу борада бутун дунё учун ибрат бўладиган етакчиликни ҳам намоён этмоқда.

Мен ушбу саъй-ҳаракатларни юксак қадрлайман ва барча давлатларни Ўзбекистон тажрибасини қўллаб-қувватлашга, ҳамкорликни кучайтиришга чақираман.

ЎзА мухбири Марҳабо Ҳожиакбарова ёзиб олди.