Ёшлар ва устозлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди

118

Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ва талаба ёшлар иштирокида тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган йиғилишида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди.

Мазкур мулоқотдан кўзланган асосий мақсад — таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшлар ва педагоглар қатламига тушунтириш, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан давлат раҳбари ташаббуси билан таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, мактабгача таълим муассасалари сони ва қамрови ортиши, умумтаълим мактаблари инфратузилмасининг яхшиланиши, касбий ва олий таълим тизимида жорий этилаётган янгиликлар, мутахассис тайёрлашдаги янги ёндашувлар алоҳида эътироф этилди.


Шунингдек, таълим тизимидаги устувор вазифалар қаторида ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг меҳнат шароитини яхшилаш, малакасини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳам таъкидлаб ўтилди.

ЎзЛиДеП Ёшлар парламенти аъзолари тадбирда фаол иштирок этиб, жамиятда ёшларнинг билимли ва касб эгаси бўлиб камол топиши йўлида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Таълимдаги янги ёндашувлар, жумладан, “Янги авлод” боғчалари, дуал таълим тизими, халқаро касбий сертификатлаш, техникумларда юқори технологияли устахоналар яратилиши каби лойиҳалар ёшлар томонидан ижобий қабул қилинмоқда.

Нукус давлат педагогика институти талабалари ҳам ўз сўзларида таълим сифатининг ошиши, амалий билимларга бўлган эътиборнинг кучайиши уларнинг келажакда рақобатбардош мутахассис сифатида шаклланишида муҳим омил бўлаётганини таъкидладилар.

Тадбир якунида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, ёшларнинг давлат сиёсатининг фаол иштирокчисига айланишига хизмат қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

                                                                       Қорақалпоғистон ахборот агентлиги