Қулай ишбилармонлик муҳити ҳисобига ўтган саккиз йилда 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлди
Ҳозирда мамлакатимизда еттита устувор йўналишни ўз ичига олган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилмоқда.
Энг аввало, камбағал аҳолини шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки доимий иш ўринларини кўпайтириб, одамлар барқарор даромад манбасига эга бўлиши учун шароит яратилмоқда.
Қулай ишбилармонлик муҳити ҳисобига ўтган саккиз йилда 700 минг тадбиркор ўзининг барқарор бизнесига эга бўлди.
–Эътиборлиси, давлат бизнесга шароит яратиб беряпти, тадбиркорлар эса ўзига ижтимоий масъулият олиб, эҳтиёжманд аҳолини ишли ва даромадли қилишда кўмакчи бўлмоқда. Мана шундай самарали ҳамкорлик туфайли шу йилнинг ўзида 270 мингдан зиёд камбағал оила аъзоси доимий ишли бўлди, – деди Президент.
Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича халқаро ташкилотлар ва нуфузли молия институтлари билан фаол ишланмоқда. Бу борада Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликдаги қишлоқларда яшаш шароитини яхшилаш, йўл қурилиши, тиббиёт ва таълим хизматларини кенгайтириш бўйича 5 миллиард долларлик лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга экани таъкидланди.
ЎзА