Амударё туманида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди

97

Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Аманбай Оринбаев Амударё туманида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар бўйича ўрганиш ишларини олиб борди.

Дастлаб Бештом маҳалласи ҳудудидаги «Аму караван ҳотел» МЧЖ томонидан ташкил этилган меҳмонхона хизмати лойиҳаси кўриб чиқилиб, республикамиз раҳбарига истиқболдаги режалар тақдимот қилинди.

Шундан сўнг Чойкўл ОФЙ ҳудудидаги «Чойкўл Дўстлик» фермер хўжалиги даласида Хитой давлатидан олиб келинган пахта териш машинасининг иш жараёни, янги техниканинг имкониятлари кўздан кечирилди.

Шунингдек, республикамиз Раҳбари «Бекман Аллаберганов» фермер хўжалигининг экин майдонидаги теримчилар ҳолидан ҳам хабар олиб, уларга ҳормасин айтди ва илғор теримчиларга совғалар топширди.

Сўнгра Ойбек маҳалласидаги «Ойбек мебель» МЧЖ томонидан йўлга қўйилган мебель ишлаб чиқариш лойиҳаси, «Ёқуббой Аширов» фермер хўжалиги томонидан Хитой технологияси асосида ишга туширилган пахта, ғалла ва бошқа донли экинлар уруғларини қайта ишлаш лойиҳаси билан танишиб, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга яқиндан ёрдам бериш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, Дўрмон овул фуқаролар йиғини ҳудудида «Сайхунобод тажрибаси» асосида бир контур – бир маҳсулот ўлчами билан янгидан ташкил этилган иссиқхоналар фаолияти ҳам кўздан кечирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Амударё туманида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечириш асносида, Хитой давлатидан келган инвесторлар ташкилотидаги «EverPROSPER INVESTMENT CONSULTING» МЧЖ томонидан «Янги Ўзбекистон» массиви ҳудудида 600 хонадонли кўп қаватли уйларни қуриш лойиҳасига старт берди.

Ўрганишлардан сўнг туман ҳокимлигида Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида Амударё туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, корхоналар фаолиятига яқиндан кўмаклашиш, банк хизматлари ва бозор инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар ижроси масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда бу ишларни амалга оширишда айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасига совуққонлик билан қараётгани танқид қилиниб, камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, ўз вазифасини бажаришда хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим масъулларга интизомий жазо чораси қўллаш, зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги