Байрамда устозлар шодликка тўлди

117

«Устоз отангдек улуғ» дейди доно халқимиз. Шу боис мамлакатимизда устозларга эътибор ва ҳурмат алоҳида.  Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар каби таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада йирик ислоҳотлар амалга оширилди.  Ўқитувчиларнинг жамиятдаги мақоми белгиланиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди. Таълим ташкилотларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ҳудудларда янги мактаб ва болалар боғчалари қад ростлаб, уларда болаларимизнинг таълим олиши учун барча қулай шароитлар яратиб берилди.

1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Чимбой туманида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда туман ҳокими ўринбосари А.Ўтемисов ва бошқалар сўзга чиқиб, мактабгача ва профессионал таълим тизимида фаолият олиб бораётган фидойи ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан самимий табриклаб, таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ва ислоҳотларга тўхталиб ўтди. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган йирик ўзгариш ва янгиланишларни кенг таъкидлаб, Президентимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаш зарурлигини таъкидлади.

– Мен кўплаб соҳа вакилларига унвон, орден ва медаллар бераман. Лекин устозлар тақдирланадиган кунни соғиниб кутаман. Кўксингизни безаб турган орден-медаллар муборак бўлсин. Юртимизда юксак мукофотларга муносиб фидойи ўқитувчилар кўпайсин, – деган Президентимизнинг сўзлари бизга алоҳида куч-қувват бағишлади дейди тумандаги 17-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори Жанар Алиева.

Кечада тадбир иштирокчилари учун байрам дастурхони ёзилиб, таълим соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган педагоглар тақдирланди ва уларга маданият ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси