Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорлиги ҳамжиҳатликка асосланган

110

Олий Мажлис Сенатига БМТ Бош котибининг махсус вакили, БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ташриф буюрди.

Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорлиги, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги ҳамжиҳат саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.

БМТнинг Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази билан ўзаро ҳамкорликнинг ривожланаётгани алоҳида қайд этилди. Трансчегаравий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аёллар ва ёшларнинг тинчлик жараёнларидаги фаол иштироки каби йўналишлар доирасидаги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Учрашувда 2025 йил октябрь ойида Фарғона шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган биринчи Фарғона тинчлик форумига тайёргарлик кўриш масалаларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон раислигида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви доирасидаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.

2026 йилда ўтказилиши режалаштирилган Ёш парламент аъзоларининг 12-глобал конференцияси юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Учрашувда гендер тенгликни таъминлаш, БМТ аёллар ташкилотининг ваколатхонасини очиш, аёллар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш ва ёшлар салоҳиятини юксалтириш борасидаги ташаббуслар ҳақида ҳам фикр юритилди.

Н.Абдураимова, ЎзА