Мактабига шошган устоз

Ҳар бир онгли инсон ўзига мактабда таълим-тарбия берган илк ўқитувчиларини ҳеч қачон унутмайди. Чунки, уларнинг фидокорона хизматлари туфайли, бугунги кунда биз ҳаётдан ўз ўрнимизни топиб, бахтли ҳаёт кечирмоқдамиз.
Қораўзак туманидаги 32-сонли умумий ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Гулдариха Оразимбетова ҳам шундай меҳнаткаш ва талабчан устозлардан бири ҳисобланади.
1960 йили Хўжайли туманида туғилиб, 13-сонли ўрта мактабни тамомлаган у ўзининг қизиқишига кўра 1978 йили Нукус давлат университетининг Романо-герман факультетига ўқишга кириб, бу ерда республикамизга машҳур педагоглардан таълим олади.
Университетда бирга ўқиган курсдоши Озод Айтимбетовга турмушга чиққан у, 1983 йилдан 2004 йилгача Қораўзак туманидаги 23-сонли умумий ўрта таълим мактабида аввал инглиз тили фани ўқитувчиси, сўнгра мактаб директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари бўлиб самарали ишлайди.
2005-2009 йилларда бўлса, 5-сонли мактабда, кейин 2015 йилгача Қораўзак иқтисодиёт коллежида ўқитувчи бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодга инглиз тили фанидан дарс беради.
– 2015 йили ўша вақтдаги Қоракўл қишлоқ фуқаролар йиғинига хотин-қизлар маслаҳатчиси лавозимига тайинланиб, бу ерда 2019 йилгача хизмат қилдим, – дейди Гулдариха Оразимбетова. Сўнгра ўзимнинг севимли касбим бўлган ўқитувчиликка яна қайтиб, Қораўзакнинг энг чекка қишлоқларидан бири Нуримбек овулида жойлашган 32-сонли умумий ўрта таълим мактабига ишга жойлашдим.Мана шундан бери, шу даргоҳда ўқувчиларга инглиз тили фанидан дарс бериб келмоқдаман. Касбим ўзимга жуда ёқади. Шунинг учун ҳам мен уйим мактабга 30 км узоқликда бўлса ҳам ҳеч бир дарсимни танаффус қилмайман. Чунки мени ҳар куни ўқувчиларим катта умидлар билан кутади. Дарсларда тушунмаганини мендан сўраб, ўзларининг билимларини чуқурлаштиради.
Дарҳақиқат, ўқитувчилик касблар ичида энг улуғи бўлиш билан бирга, машаққати, ташвиши кўп ишдир. Буни шу соҳада ишлаб кўрган одамлар яхши тушунса керак. Бироқ, бу ишда қийинчилик билан бирга, қувонч ҳам ёнма-ён юради. Агар, педагог болаларга чарчамасдан, пухта билим берса, ўқувчилари ўзларининг чуқур билим ва ақл-заковати билан ўз устозини кенг жамоатчиликка танитади.
Гулдариха опанинг ҳам шундай билимли шогирдлари жуда кўп. Уларнинг айримлари бугунги кунда 32-мактабда ўқиётган бўлса, кўпчилиги халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали хизмат қилмоқда.
Бу йилги байрам Гулдариха Оразимбетова учун жуда қувончли келди. Чунки у, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, ўқув жараёнига илғор тажрибалар, инновацион педагогик технологияларни кенг жорий этиш борасидаги муносиб ҳиссаси, ўқув жараёнига илғор тажрибалар, инновацион педагогик технологияларни кенг жорий этиш борасидаги муносиб ҳиссаси, ўқувчи ёшларга замонавий билим ва касб-ҳунарларни ўргатиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги улкан хизматлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки учун «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланди.
– Бу катта мукофот билан тақдирланиш менга алоҳида қувонч бағишлади, – дейди Гулдариха Оразимбетова. – Юртимиз педагогларига кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлаши учун ҳурматли Президентимизга катта раҳмат айтаман. Давлатимиз раҳбарининг билдирган бу юксак ишончи мени янада руҳлантириб, олдинга интилдирмоқда.
Гулдариха Оразимбетова мактабда ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бериш билан бирга, бадиий ижодга ҳам қизиқади. Бўш вақтларида дунёга машҳур ёзувчи ва шоирлар асарларини ўқиб, ўзи ҳам илҳомга тўлган пайтлари туғилган ер, она Ватан, ёшлар тарбияси ва муҳаббат ҳақида шеърлар ёзади. Унинг бугунги кунга қадар «Кўнглимда армон,» «Ёшлигим бор кўнглимда» шеърий тўпламлари, «Қораўзак тумани Ички ишлар бўлими тарихидан» номли насрий асари нашрдан чиқиб, ўз ўқувчиларини топди десак адашмаган бўламиз.
Кўксини «Шуҳрат» медали ва «Меҳнат шуҳрати» ордени безаган қораўзаклик ўқитувчининг қувончида чек йўқ. У яна ишга қараб шошилмоқда. Чунки уни азиз ўқувчилари, қадрдон ҳамкасблари интизорлик билан кутмоқда.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси